Ўзбекистонда 1 октябрь давлат ОТМга табақалаштирилган тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилиш бўйича ариза топширишнинг сўнгги муддати этиб белгиланган эди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар беришича, 2021-ўқув йилида талабаликка тавсия этилмаган, бироқ табақалаштирилган (супер) тўлов-шартнома асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар учун қулайлик яратиш мақсадида онлайн шаклда ариза қолдириш ҳамда табақалаштирилган тўлов-шартномаларни онлайн олиш имконини берувчи «t-kontrakt.edu.uz» ахборот тизими ишга туширилди.

Қайд этилишича ушбу тизим:

  • ортиқча оворагарчилик ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш;
  • жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш;
  • электрон аризаларни автоматик шакллантириш;
  • тўлов-шартномаларни автоматик расмийлаштириш имконини беради.

«Энди абитуриентлар олий таълим муассасасига овора бўлиб, бориб ўтиришлари шарт эмас. Тизим ёрдамида уларнинг маълумотлари ва тўплаган балли Давлат тест маркази базасидан тўғридан-тўғри олиниб, электрон кўринишдаги ариза асосида электрон тўлов-шартнома автоматик расмийлаштирилади», — дейилади вазирлик хабарида.