Ижтимоий тармоқларда 20 сентябрь куни соат 11:30 да Андижон шаҳри, 2-кичик даҳасида жойлашган 38-болалар боғчаси ҳудудида ёнғин содир бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалди. ФВВ ижтимоий тармоқларда тарқалган Андижон шаҳридаги боғчаларнинг бирида ёнғин содир бўлаётгани тасвирланган видео юзасидан маълумот берди. Хабарда қутқарувчилар зудлик билан воқеа жойига етиб борган ва ёнғин қисқа муддатда тўлиқ бартараф этилгани маълум қилинган.

Фото: Андижон вилоят мактабгача таълим бошқармаси

Андижон вилоят мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, бошқарма раҳбарияти томонидан махсус ишчи гуруҳи тузилиб воқеа жойида ўрганишлар олиб борилган.

Фото: Андижон вилоят мактабгача таълим бошқармаси

«Ўрганиш натижаларига кўра, ‘Соғлом авлод’ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 38-сонли мактабгача таълим ташкилотида жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб, Shodlik grand house МЧЖ томонидан реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Қурилиш ишлари давомида ташкилотнинг орқа ҳовлисида қурувчиларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида ёнғин келиб чиққан. Ёнғин фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан жойида бартараф этилди. Мазкур ташкилотда тарбияланувчи болалар йўқлиги, қурилиш олиб борилаётган ташкилот биносига талафот ва ишчиларга тан жароҳати етмаганлигини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

Фото: Андижон вилоят мактабгача таълим бошқармаси

Аввалроқ Юнусободдаги ошхонада ёнғин келиб чиққани, Наманган шаҳридаги Наманган давлат университетининг талабалар турар жой биносида ҳам ёнғин содир бўлгани, аммо ёнғин оқибатида талабаларни куйиш тан жароҳати олиш ҳамда ҳалок бўлиш ҳолатларига йўл қўйилмагани хабар берилганди.