Ўзбекистонда илк бор Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети талабалари томонидан яратилган CubeSat (нано сунъий йўлдош) стратосферага учирилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги маълумот берди.

Вазни 2,5–3 кг бўлган, U-классдаги ушбу аппарат, космик тадқиқотлар олиб бориш учун бир нечта модуллардан ташкил топган 10 сантиметр куб ҳажмдаги сунъий йўлдош ҳисобланади.

CubeSat бир қатор сенсор қурилмалардан ташкил топган бўлиб, ердан узоқлашиш баландлигини, стратосферадаги ҳаво намлиги, шамол тезлиги, ҳавонинг ифлосланиш даражаси тўғрисидаги ва бошқа турдаги физикавий маълумотларни онлайн тарзда университетда жойлаштирилган маълумотларни қабул қилувчи станцияга узатди.

Қайд этилишича, CubeSat учиши давомида видео тасвирларни онлайн тарзда узатди, ушбу маълумотлар ёрдамида келгусида геоахборот тизимлари йўналишидаги тадқиқотларда фойдаланилади.