2021 йил кузида Германия канцлери Ангела Меркель мамлакатни 16 йил давомида бошқарганидан кейин истеъфога чиқади. У июнь ойида Бундестагда сўнгги бор қатнашган, августда Россияга сафар қилган. Меркель даври нафақат узоқ давом этган бошқарув экани билан ёдда қоларли, балки 2005 йилда у мамлакат тарихидаги энг ёш канцлер ва ушбу лавозимдаги биринчи аёл раҳбарга айланган.
16 йил давомида Меркель кўплаб муаммоли масалалар билан тўқнашди — 2008 йилда жаҳон молиявий инқирози, 2015 йилда миграцион инқироз ҳамда 2020 йилда коронавирус пандемияси. У Германияда тўрт марта ҳукумат шакллантира олди, шундан учтаси ўз партиясининг асосий рақиби социал-демократлар билан коалиция тузган ҳолда ташкил қилинган.
TJournal нашри ГДРда яшаган протестант пасторининг қизи қандай қилиб катта сиёсатга кириб қолгани, кейинчалик 10 йил ичида канцлер курсисигача етиб боргани, у ерда узоқ вақт қолганининг сабабларини таҳлил қилган.
Польшага бориб тақаладиган шажара ва Ангеланинг болалик йиллари.
Германиянинг бўлажак канцлери 1954 йил июль ойида Гамбургда туғилган. Унинг отаси — протестант пастори Хорст Каснер — полякларнинг Познан оиласига мансуб, бироқ Адолф Гитлер ҳокимият тепасига келишидан уч йил ўтгач уни Казмерчакдан Каснерга немислаштирган.
Меркелнинг бобоси Анна Казмерчак ҳамда Людовик Войтсеховскийнинг никоҳсиз фарзанди Людовик Берлинга биринчи жаҳон урушидан кейин келиб қолган. У Германияда ҳам Познандаги каби полициячи лавозимида ишлаган. Бу ерда у немис аёли Грета, Ангеланинг бўлажак бувиси билан танишган.
Хорст оиласи Ангела олти ойлик чақалоқ вақтида Ҳамбургдан ГДРга кўчиб ўтади. Ёш пастор Перлеберг яқинидаги Квитсоу қишлоғида ишлай бошлайди, у вақтларда дин вакиллари социализм қуриш ёки унга қарши курашиш учун Шарқий Германияга кўчиб ўтарди. Каснер тизимни танқид қилувчилар сирасига кирмаган ва ҳар доим: «Биз социализм ичидаги черков бўлмоқчимиз, у билан ёнма-ён ёки унга қарама-қарши томондан турмаймиз», – дея таъкидлаб келган.
Пастор оиласини боқиш учун томорқада экин экиш, оила хўжалигини ташкил этишига тўғри келган, эчки соғишни ҳам ўрганган. Янги жойга кўчиб келганидан уч йил ўтгач Хорст Каснер Темплинда черков коллежини очади ва бу ГДРда пасторлар етиштиришда муҳим роль ўйнайди. 10 йил ичида оилада яна икки нафар фарзанд — Маркус ва Ирене туғилади.
Ангела болалигининг тўкин-сочинликда ўтгани ҳақида кўп гапирган, ҳақиқатан ҳам унинг оиласи бошқаларга нисбатан кўп нарсаларга эга эди. Каснерларда иккита машина бўлган, улар ГДР ҳудудидан ташқарига чиқа олган. Ангела отасининг касбидан уяларди: мактабда ҳатто отасининг нима иш қилиши ҳақида сўрашганида тушунарсиз қилиб Pfarrer (пастор) эмас балки Fahrer (ҳайдовчи) деб айтган вақтлари ҳам бўлган.
Меркель Темплиндаги политехника мактабида таҳсил олган энг илғор ўқувчилардан бири бўлган. Айниқса математика ва рус тили фанларидан натижалари яхши эди, рус тилидан шаҳар, ҳудуд ва миллий миқёсдаги олимпиадаларда иштирок этиб, СССРга саёҳат қилиш ҳуқуқини ютиб олган.
«У ниҳоятда меҳнатсевар эди: лексикани автобус бекатида ўрганарди. Аввал бундай юқори даражада қобилиятли ўқувчиларим бўлмаган», — дея ҳикоя қилади Ангеланинг ўқитувчиси Эрика Бенн.
Ўқувчи Меркелнинг олимпиададаги ғолиблиги ўқитувчи аёлга қимматга тушган: уни партия йиғилишида деҳқон ёки ишчининг эмас пасторнинг қизи ғолиб чиққани учун роса койишган. Бенн ўзини оқлаш учун қизнинг бу даражада билағонлигида айбдор эмаслигини таъкидлаган.
Лейпцигда давом этган таълим, барда барменлик қилгани ва академик карьераси.
Мактабни тугатганидан кейин Ангела Каснер Карл Маркс университетининг (ҳозирда Лейпциг университети) физика факультетига ўқишга кирган. Таълимдан бўш вақтида барда барменлик қилади. «Бу ҳар бир сотилган стакан учун ўттиз пфеннинг олиб келарди, мен ҳафтасига 20 дан 30 маркагача даромад олардим, бу ётоқхонадаги ижара ҳақини тўлашга етадиган маблағ эди», — дея эслайди канцлер.
Меркель коктейллар учун масаллиқни ўзи сотиб оларди, бу унинг ҳафтасига иккита дискотекада ичимлик сота олишига имкон яратган. «Семинарлар тонгги соат 7 да бошланар, дискотекалар эса ярим тунгача давом этарди. Танаффус вақтида олча шарбатини олиб келиш учун трамвайда йўлга чиқардим», — дея талабалик йилларини эслаган у.
Ангела талабалик вақтида биринчи эри Улрих Меркель билан танишган. Улар тўрт йил давомида бирга яшаган ва кейинчалик ажрашган. Меркелнинг ўзи ушбу даврни шундай эслайди: «Ўртамизда севги бўлган дея олмайман. Атрофдаги ҳамма турмуш қураётгани учун биз ҳам никоҳдан ўтганмиз».
1978 йил июнда Ангела диплом ишини аъло баҳога топшириб, Берлинга кўчиб ўтади. У бу ерда ГДР фанлар академияси қошидаги физика- кимё институтига ишга киради. Институтда ишлаган вақтида Меркель ГФР, Чехословакия ва СССРга рус тили курсларига борган. Орадан саккиз йил ўтгач, докторлик диссертациясини ҳимоя қилган, унинг илмий иши ўша вақтда энг яхшилардан бири деб эътироф қилинган.
Институтда ишлаган вақтида Ангела иккинчи эри кимёгар Йоахим Зауэр билан танишган ва 1998 йилда унга турмушга чиққан. Меркелга оналик бахти насиб қилмаган. Ғарблик журналистнинг «Меркель хоним, нима учун бефарзандсиз? Карьерангиз учун оналикдан воз кечганмисиз?», – дея берган саволига «Йўқ, воз кечамганман, шунчаки тақдир шундай кечди», – деб жавоб қайтарганди.
ГДРдаги сиёсий фаолият ва биринчи бор партияга аъзо бўлиши.
Мактаб даврида ва университетда ўқиган вақтида Меркель эркин немис ёшлари иттифоқига аъзо бўлган. Унинг сўзларига кўра Фанлар академиясида ишлаган вақтида маданият масалалари бўйича ходим лавозимида ҳам фаолият олиб борган. Бир сафар иттифоқ раҳбари Гюнтер Валтер канцлернинг «тарғибот ва ташфиқот масалалари бўйича котиб» бўлиб ишлагани ҳақида гапирган, аммо Меркелнинг ўзи ушбу маълумотни инкор этган.
Меркель Германия социал бирлик партияси (ГСБП) ёки партиянинг блокларидан бирида аъзо сифатида фаолият олиб бормаган, шу билан бирга мухолифат ҳаракати таркибида ҳам фаол иштирок этмаган. Германия бирлашувига қадар бўлажак канцлер демократик социализм ва ГДР мустақиллиги тарафдорларидан бири бўлган. «ГДРда ислоҳотларни амалга оширмоқчи бўлсак, у ҳолда Ғарбий Германия йўлидан бормаслигимиз керак», — деган эди у теология профессори Кристофер Фрейнинг рафиқаси билан суҳбатда.
Биографлар Меркелни «ГДРнинг иккинчи авлоди»га мансуб дейишади, шахс сифатида у Германия демократик республикасидаги ҳаётда тарбия топган, ғарб жамиятига қизиқмаган, лекин тинчлик инқилоби арафасида ўз вақтида сиёсий ҳаётга кириб келган. Меркель тарихчи Борис Петелиннинг фикрича Берлин девори қулашининг дастлабки соатларидан фаоллар қаторида бўлмаган: Берлин девори қулаган куни 1989 йил 9 ноябрда у дугонаси билан бирган Бранденбург дарвозаларига яқин ерда бўлмаган, аксинча ҳаммомда хордиқ чиқарган.
Меркелнинг сиёсий карьераси 1989 йилда унинг «Демократик уйғониш» мухолифат партиясига қўшилиши билан бошланган. Дастлаб у тизим администратори лавозимида фаолият олиб борган, ГФРдан кириб келган компьютерларни ўрнатишга ёрдам берган, кейинчалик партия раиси Вольфганг Шнурнинг штатида котибалик қилган. 1990 йил август ойида партия Христиан-демократик иттифоқ таркибига қўшилиб кетган.
Меркелнинг биринчи эри Улрих аёлнинг физик сифатида ишлаган вақтида ҳам бутун умр илмий фаолият билан шуғулланмаслик фикри Ангеланинг хаёлидан бир зум кетмаганини эслайди: «Ортга қараб, унинг сиёсий фаолияти омдали кечгани бежиз эмаслигини англайман. Ангела тафаккури теран ва катта энергияга эга аёл, у ҳар доим ўз олдига юксак мақсадларни қўярди».
ХДИдаги юксалишлар.
Меркель Бундестагдаги депутатлик мандатига 1990 йил декабрь ойидаги биринчи умумгерман сайловларида эришган. Канцлер бўлган Гельмут Коль уни кутилмаганда ёшлар ҳамда аёллар масалалари бўйича вазир лавозимига тайинлаган. Бонндагилар Меркелнинг ушбу лавозимни эгаллашига унинг ёш жувонлиги ва шарқий ҳудуддан экани сабаб бўлгани ҳақида гапирган.
Ангеланинг карьераси Гельмут Колнинг ишончи сабаб юксалаверди, оқибатда мамлакатдаги сиёсий кучлар унга «Колнинг қизи» лақабини берди. Ангела Меркель 1993 йилда Меркель ХДИнинг Мекленбург-Олд Померания ерларининг раиси, 1994 йилда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш федерал вазири, 1998 йилда ХСИнинг бош котиби, 2000 йилда партия ва Бундестагдаги парламент гуруҳи раиси лавозимларида ишлаган.
Меркелнинг канцлерлик курсиси томон юрган йўлида ХДИга қилинган эҳсонлар бўйича можаро асосий бурилиш нуқталаридан бири бўлди. 1999 йил ноябрь ойида Колнинг партиядан қонунга хилоф равишда миллионлаб пуллар олгани аниқланади, аммо у кимлар бу пулларни берганини ошкор қилмайди. Меркель канцлерни танқид қилиб чиқади. Ангела Frankfurter Allgemeine газетасида ХДИнинг эски гвардиячилар билан алоқани узиши зарурлиги ҳақида мақоласини чоп эттиради.
Партия ўзининг дастлабки мустақил қадамларини қўйиши, ўзига ишониши, Гельмут Колнинг ўзи ўзига берган таърифдаги «эски қари жанговар отсиз» ҳам сиёсий рақибларга қарши курашишда давом этишини кўрсатиши шарт.Меркель ушбу танқидий чиқишини партия раҳбари Вольфганг Шойбле билан келишмасдан чоп этади, оқибатда партияда унга нисбатан нафрат ортади, айрим партиядошлари унга «оқпадар» ва «уядан чиққан хоин» каби номларни беради.Ангела Меркель ХДИ бош котиби
Лекин кейинчалик кўпчилик Ангелани қўллаб-қувватлади: Шойбле истеъфога чиқди, қурултойда Меркель учун 935 нафар аъзодан 897 нафари овоз берди. Тарихчи Светлана Погорельская партия грандларининг Меркель вариантини «ўтиш даври» учун кўриб чиққани, унинг ХДИни бунча узоқ вақт давомида бошқаришига ишонмаганлигини қайд этган.
Бундестаг сайловларидаги ғалаба ва Ангела Меркель биринчи ҳукуматининг шакллантирилиши.
2002 йилдаги сайловларда ХДИ/ХСИ номзоди Вольфганг Шойбле иштирок этди ва тахмин қилинганидек мағлубиятга учради. Бунда партия ичидаги можаро, амалдаги канцлер Герхард Шрёдер Ироқдаги уруш бўйича позициясининг оммавийлиги қайта сайланиш учун асосий роль ўйнади.
Мухолифатдаги йиллари давомида Меркель партияда тартиб ўрнатди, оқибатда канцлер Германия президентидан ҳукумати истеъфога чиқариб, муддатидан аввал сайловларни ўтказишни талаб қилишига тўғри келди. 2005 йилдаги сайловолди кампанияси уч ҳафта давом этди ва Германия федератив республикаси тарихидаги энг қисқа оралиқлардан бири бўлди.
Германия социал демократик партияси пойгада ўзини яхши кўрсатди. Партия ХДИ/ХСИ гуруҳидан орқада қолиб кетмади. Сайловлар якунида Меркель 35,2 фоиз, Шрёдер эса 34,4 фоиз овоз олди. Бундай кичик фарқ мамлакатда оғир сиёсий вазиятни юзага келтирди: ҳеч бир партия кўпчиликни ташкил қилмасди ва ҳукумат туза олмасди. Коалиция тузишнинг ҳам имкони йўқ эди ХДИ/ХСИ ва ГСДП, Эркин демократик партия ва «Яшиллар» зарур миқдорда овоз тўплай олмаганди.
Сайловлардан кейинги оқшомда иккала номзод ҳам ҳукумат тузиш нияти борлигини маълум қилди, эртаси куни коалиция бўйича музокаралар бошланди. ХДИ/ХСИ олдидаги асосий ечим «яшиллар» ёки ГСДП билан катта коалиция тузиш эди. Дастлабки музокаралар муваффақиятсизликка учради, социал-демократлар билан келишиш музокаралардан узоқ кетиб қолмасликнинг ягона йўлларидан бири эди.
ГСДП ҳамда ХДИ/ХСИ ўртасидаги музокаралар ҳам оғир кечарди: қарийб бир ой давомида сиёсатчилар канцлер ким бўлиши борасида музокара олиб борди. Октябрь ойида лавозимга номзодини қўйган Шрёдер раҳбарлик даъвосидан воз кечди, натижада тарихда илк бор Германия ҳукуматини аёл канцлер – Ангела Меркель бошқариши маълум бўлди. Коалициён келишувни тузишга яна бир ой вақт кетди: 18 ноябрда партиялар раҳбарлари уни имзолади.
22 ноябрда Бундестаг Ангела Меркелни Германия федератив республикаси канцлери лавозимига тасдиқлади. Унинг ҳукумат раҳбари бўлишига 202 нафар депутат қарши чиқди, бироқ бу етарли эмас эди. Келаси ойда «Немис тили жамияти» Kanzlerin («Канцлер аёл» ёки «Kanslerka»)ни йил сўзи деб топди. Ташкилот вакиллари 10 йил аввал ҳам Меркелга канцлер (Kanzler) деб эркак жинсида мурожаат қилишлари мумкин бўлганини билдирган.
Меркель биринчи ҳукуматининг ислоҳотлари.
«Катта коалиция» иш самарадорлиги борасида анча сермаҳсул чиқди: канцлер Маргарет Тетчер каби «темир хоним»га айланмади, балки «чайир, сабрли ва кучлар тақсимоти борасида якуний хулоса ойдинлашмагунича соя ортида турадиган» раҳбар бўлди, дея қайд этган германшунос Борис Петелин.
Меркель ҳукуматида социал давлат ҳеч қаёққа йўқолиб қолмади, лекин канцлер Германия социал демократлари томонига ҳам ўтиб кетмади. Коалициянинг асосий ислоҳотларига қуйидагиларни киритиш мумкин:- ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) 16 дан 19 фоизга етказилди ва мамлакат бюджетининг дефицитининг олдини олиш мақсадида жуда бой одамларга солиқ жорий қилинди, 2005 йилда бюджет дефицити 35 миллиард еврони ташкил қиларди;
- федератив ислоҳот ўтказилиб, марказ ва бошқа ҳудудларнинг ваколатлари қайта тақсимот қилинди;
- ишсизларга бериладиган тўловни тартибга солувчи Ҳартз IV пакетига ўзгартириш киритилди: унга кўра давлат ишлашни истамаганларни қўллаб-қувватлашни аста-секин тўхтатди, бўш иш ўрнида ишлаш таклиф қилинганидан биринчи бор рад этиш учун ижтимоий тўлов 30 фоизга, иккинчи бор «йўқ» дейилганида 60 фоизга, учинчи марта рад этган ишсизга эса тўлиқ тўланмаслиги белгилаб қўйилди;
- пенсия илсоҳоти бошланди, пенсия ёшини 2029 йилга қадар 65 дан 67 га кўтариш белгиланди;
- таълим ислоҳотига старт берилиб, Германиядаги барча олий таълим муассасалари Болонья тизимига ўтказилди, 90 йилларда жараённинг бошланиши минглаб талабаларнинг намойишлар ўтказишига сабаб бўлган.
2008 йилда Меркель молиявий инқирозга қарши туришига, нафақат Германия балки Европани ҳам қутқаришига тўғри келди. Канцлер ЕИга кескин молиявисй сиёсат юритишни тавсия қилди, ижтимоий сарф-харажатларни қисқартирди ва Евроҳудуднинг бошқа аъзоларига нисбатан талабларни кучайтирди. Бу вазиятни барқарорлаштирди, Германияга инқирозли мамлакатлардан юқорида туриш имконини берди.
Ҳукуматнинг муваффақияти канцлер ва партиянинг рейтингига ҳам ижобий таъсир кўрсатди: Forbes журнали кетма-кет ўн марта Ангела Меркелни дунёнинг энг обрўли аёли деб топди, The Times эса икки марта дунёнинг энг нуфузли 100 одами рўйхатига киритди.
Мухолифатда юзлаб назариялар ишлаб чиқишингиз мумкин, бироқ уларни амалга оширишда озчилик эканингиз панд беради. Федерал канцлерга айланганингиздан кейин, сиз истаган нарсаларнинг кўпчилиги амалга оширилиши мумкинлигини кўрасиз.Меркелнинг канцлер сифатида иккинчи, учинчи ва тўртинчи муддатлари.Ангела Меркель, Германия канцлери
Ангела Меркель биринчи муддатидан кейин немис ҳукуматини яна уч марта бошқарди: «қора-сариқ» коалиция (Эркин демократик партия билан иттифоқ) ва иккита «Катта коалиция» (ГСДП билан иттифоқ).
Унинг қайта сайланишида муаммо бўлмаган: Германия халқи Ангела Меркелга шубҳа билан қарамаган ва доим унга ишонган. Бу 2013 йилдаги дебатларда томошабинларга қараб «Сиз мени биласиз-ку» дея мурожаат қилганида ҳам ўз аксини топган. Мамлакат аҳолиси ҳақиқатан ҳам канцлерни билишади, канцлернинг ҳаракатлари мантиқий ва самимий эди, бу сайловчиларга ҳам ёқарди.
Меркель ҳукуматининг энг ёдда қоларли ислоҳотлари сифатида муддатли ҳарбий хизматнинг бекор қилиниши (армия шартномаларга ўтган ва аскарлар сони қисқарган), атом энергетикасидан воз кечиш (босқичма-босқич 2022 йилгача тугатилади) ва бир жинсли никоҳлар тўғрисидаги қонун (канцлер ушбу ҳужжатни овоз бериш жараёнида қўллаб-қувватламаган) бўлгани эътироф қилинади.
Тарихчи Борис Петелиннинг фикрича Меркель сиёсий фаолиятининг якуний босқичи 2015 йилдаги миграцион инқироз бўлган. «Буни уддалаймиз» деган канцлер қочоқлар учун чегараларни очди, оқибатда партия, жамият ичида бўлинишлар кузатилди. ARD телекомпаниясининг сўровномаси натижаларига кўра, 2015 йил апрелдан октябргача аҳолининг Ангела Меркелга бўлган ишончи 75 фоизда 54 фоизга тушиб кетган.
2017 йилдаги сайловларда Меркель тарихда энг ёмон натижа қайд этди — 30,2 фоиз овоз олди. Социал-демократлар ҳам яхши натижага эришмади ва 24,6 фоиз овозга эга бўлди. Ҳукумат тузишга рекорд даражада кўп 172 кун вақт сарфланди ва яна «Катта коалиция» ҳокимият тепасига келди.
Шу йили 29 октябрда Меркель ХДИнинг раислигига ўз номзодини қўймаслигини ва муддати тугаганидан кейин сиёсатдан кетишини эълон қилди. Канцлер содир бўлган ишларда кимнидир айбдор қилмоқчи ёки масъулиятни бошқа бировга юкламоқчи эмаслигини айтган. «Ҳаммаси ҳақида ўйлаб кўриб, хулоса қилиб олдим. Барчаси учун, амалга ошган ёки амалга ошмаган лойиҳалар учун масъулият менинг зиммамда», — деган у.
Меркель бу жиҳатдан ҳам мантиқий ва ишонарли чиқиш қилди: 2016 йилда Der Spiegel нашрига берган интервьюсида у сиёсатдан кетадиган вақтни ҳис қилиб, кейин якуний қарор чиқаришни исташини айтган, фаолиятини «сиёсий банкрот» даврида якунламоқчи эмаслиги ҳақида гапирганди.
Меркель ҳукуматлари юритган ташқи сиёсат: АҚШ билан дўстлашишга уриниш, Россия билан муносабатларнинг ёмонлашуви.
Меркелнинг канцлерлик даврида Германиянинг Европадаги ўрни ва аҳамияти юксалди. 2007 йилда мамлакат «Катта саккизлик» саммитини расмий мезбон сифатида қабул қилган бўлса, бир йил ўтгач ЕИда иқтисодий инқироздан чиқиш учун раҳбарлик ролини ўз зиммасига олди. Канцлернинг ўзига хос тактикаси иш берди: иқтисодиётни қаттиқўллик билан бошқариб, иқироздан қийналган иттифоқ мамлакатларига кенг миқёсли ёрдам бериш вазиятдан чиқилишида муҳим роль ўйнаган.
Сиёсатшунос Йоханнес Варвик Германия федератив республикасининг Европада асосий ўринга чиқиши сиполик маданияти ва масъулиятни мужассамлаштирган Ангела Меркелнинг назокати билан бевосита боғлиқ деб ҳисоблайди.
АҚШ билан муносабатлар гарчи канцлер аввал бошидан Америка позициясини ушлаб турган бўлса ҳам Меркелда оғир ўтган. Жорж Буш ҳамда Барак Обама президентликлари даврида икки мамлакат иттифоқига Осиёдаги мақсадлар халал берди, 2013 йилда эса канцлернинг АҚШ махсус хизматлари билан боғлиқ телефон аудиоёзувлари можароаси вазиятни янада чигаллаштирган.
Дональд Трамп даврида унинг «Энг аввало Америка» шиори Германия билан муносабатлар яхшиланишига тўсқинлик қилди, 2017 йилда Меркель АҚШ билан муносабатлардан афсусда эканини айтган: «Бошқаларга ишонишимиз мумкин бўлган даврлар ортда қолди. Сўнгги кунларда бунга амин бўлаяпман».
Россия билан муносабатлар 2005 йилдан кейин Герхард Шрёдернинг «яқин дўстлик» алоқаларидан, Меркелнинг прагматик йўналишига ўзгарган. Шунга қарамай Москва билан сиёсатда жиддий ўзгаришлар кузатилмаган, канцлер келишувларнинг ҳеч бирини бекор қилмаган.
2014 йилда вазият ўзгарди: Меркель Россиянинг Қримга нисбатан сиёсатини кескин танқид қилди ва ҳудуднинг босиб олингани, Украина шарқидаги қуролли низо халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид эканлигини таъкидлади. Бу Россия-Германия муносабатларининг ёмонлашишига сабаб бўлди. ГФР канцлери ғарб давлатларининг Россияга қарши санкцияларини қўллаб-қувватлади ва кейинчалик уларнинг муддатини узайтирди, икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасининг ҳажми камайиб кетди.
Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний заҳарланганидан кейин Ангела Меркель унга ҳимоя ва даволаниш учун шароит яратишга тайёрлигини билдирди, Навальний Германияга олиб келинган вақтда уни кўргани касалхонага ҳам борди. 2021 йил январида канцлер бошқа ғарб етакчилари билан бирга Россия ҳукуматидан сиёсатчини тергов қамоғидан чиқаришни талаб қилган.
2021 йил августдиа Меркель канцлер сифатида охирги марта Москвада бўлди ва бу ерда Вламидир Путин билан учрашди. У Россия ҳамда Германия ўртасида келишмовчилик борлиги, бироқ мамлакатлар муносабатларни давом эттиришни исташи ҳақида гапирган.Ангела Меркелнинг 16 йил давомида Федератив республикани бошқарганига қойил қолиш керак, у Европанинг энг катта ва етакчи мамлакатларидан бирига ишонч билан раҳбарлик қилмоқда. Меркель Европа ҳамда жаҳон етакчилари орасида энг обрўли раҳбарлардан бири.Владимир Путин, Россия президенти
Сиёсатшунос Варвикнинг мулоҳазаларига кўра Меркель ички сиёсатда учта асосий ишни тушуниб амалга оширган: ГФР глобал манфаатларга эга, ҳаммасига ёлғиз эришиб бўлмаслигини англаган, Европада етакчи ролида бўлишга интилади. Бу якунда унинг халқаро майдондаги ҳаракатларини белгилаб берди.
Нима учун Меркель канцлерлик лавозимида 16 йил ўтирди? Бу кўп эмасми?
ГФР конституциясига кўра битта одам чекланмаган миқдорда канцлерлик лавозимида ўтириши мумкин. Бу Германиянинг парламентар республика эканлиги билан боғлиқ, бундай бошқарув шаклида ҳукумат раҳбари тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан эмас, парламент томонидан сайланади. Сайловларда фуқаролар партия учун овоз беради, сиёсий гуруҳ ўз вакилини ўзи танлаб ҳукумат раҳбарлигига тавсия қилади.
Тарихчи-германшунос Иван Попов канцлернинг узоқ вақт давомида ўз лавозимида қолиши парламентда партиялар коалицияси тузилгани билан изоҳланишини қайд этган. «Агар парламентда кўпчиликни ташкил қилувчи партиялар ўзаро келиша олса, ҳукумат ўз ўрнида қолади», — деган у.
Германиядаги вазият кам учрайдиган ҳолат эмас: Евроиттифоқда фақат Францияда бош вазир ҳукумат тепасида саккиз йилдан узоқроқ вақт давомида қола олмайди. Меркелга қадар ГФРда икки нафар узоқ вақт ҳукуматни бошқарган канцлерлар бўлган, улар Конрад Аденауэр (14 йил) ҳамда Гемьлут Коль (16 йил). Иван Попов канцлер сифатида Меркелнинг ўзига хос жиҳати у сўллар ва ўнглар оммавийлашган бир даврда уч марта социал-демократлар билан бир коалицион ҳукумат тузишга муваффақ бўлган.
ГСДП билан тузилган барча учта коалиция ҳам айрим сиёсатшунослар ушбу бошқарувнинг узоқ вақт давом этмаслиги, ҳукумат пароканда бўлишини тахмин қилганига қарамай, тўлиқ муддат ишлаган. Меркель сиёсий фаолиятининг бундай узоқ давом этишининг сири келиша олиш қобилияти, ўзаро номувофиқ кучлар ва ғояларга устомонлик билан чап бера олишда.Сиёсатшунос Франк Деккер ҳар бир сиёсатчи эртами кечми кетиши кераклигини тушиниши лозим деб ҳисоблайди. Экспертнинг фикрича бир кун келиб ҳар қандай одам сайловчиларининг жонига тегади ва аҳоли уни ўз лавозимини тарк этишга мажбур қилади.Иван Попов, тарихчи олим, германшунос
«ХДИ Меркель хонимнинг аҳмоқона ишлар қилганини сезганида ёки у билан сайловларда ортиқ ғолиб чиқмаслигини сезганида Ангела анча аввал ўйиндан чиққан бўларди. Тарафдорларининг ўзи уни бошқарувдан четлатарди», — дея қайд этган Деккер.
Тарихчи Борис Петелин сўнгги йилларда ХДИда Меркель билан рақобатлаша оладиган кучли сиёсатчилар пайдо бўлмагани, канцлернинг ўзи эса муносиб сиёсий меросхўр топишда иккиланиб қолган деб ҳисоблайди. «Бунда христиан-демократларнинг ўзи ҳам айбдор, улар гуруҳ етакчисини партия брендига айлантириб қўйишди», — деб ёзган олим.
2021 йил 16 январда ХДИ янги партия етакчиси этиб 59 ёшли Армин Лашетни сайлади. Германияда парламент учун сайловлар 26 сентябрда бўлиб ўтади. Янги канцлер лавозимида ўз ишига овоз бериш жараёнлари тугагач, коалицион ҳукуматни шакллантириш бўйича музокаралар якунига етганидан кейин киришади.Муҳокамалар даврида ҳам ҳукуматни Ангела Меркель бошқариб туради. Бундестаг амалдаги канцлернинг 2021 йил декабрь ойига қадар ўз лавозимида қолиши мумкин деб ҳисобламоқда.
Изоҳ (0)