Туркманистон Вазирлар маҳкамасининг аъзоси ва ташқи ишлар вазири, 61 ёшли Рашид Мередов коронавирусга чалиниб, 24 август куни Ахал вилоятнинг Изгант қишлоғидаги юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Бу ҳақда «Азатлик» радиосига таяниб, «Хроника Туркменистана» хабар берди.
Сўнгги марта Мередов 20 август куни телевидение орқали намойиш этилган Вазирлар маҳкамаси йиғилишида кўринган, шундан кейин у ҳақида ҳеч қандай хабар бўлмаган.
«Азатлик» таъкидлашича, Вазирлар маҳкамасининг 20 августдан бери ўтказилган иккита мажлисида Мередов иштирок этмаган. Шунингдек, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифини тайёрлаш билан ташқи ишлар вазири эмас, балки бош вазирнинг қишлоқ хўжалиги соҳасини назорат қилувчи ўринбосари Эсенмурат Оразгелдиэв шуғулланмоқда.
Радио муҳаррирлари Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланишга муваффақ бўлди. Вазирлик вакили ушбу маълумотни рад этиб, Мередов ўз иш жойида эканини айтди. Вакилнинг сўзларига кўра, унинг ахборот майдонида йўқлиги вазирнинг Афғонистондаги ва дунёдаги вазият билан боғлиқ иш жадвали билан изоҳланади.
«Вазир ўз жойида. ‘Азатлик’ унинг аҳволидан хавотирда экани бизни тўлқинлантирди, лекин хавотирга ўрин йўқ, вазир коронавирус билан касалланмаган. Афғонистондаги ва умуман дунёдаги воқеалар туфайли унинг иш жадвали банд. Ички сиёсат масалалари ва бу масалалар билан боғлиқ маслаҳатлашувлар кўп вақт талаб этади ва маълум даражада тиғизликни келтириб чиқаради. Йўқ, у коронавирус билан касалланмаган. Хотиржам бўлишингиз мумкин», — дея ТИВ вакили вазиятни ойдинлаштирувчи саволларга жавоб беришдан бош тортди.
Радио манбалари Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга сафари Мередов соғайиб кетганидан кейин амалга оширилишини тахмин қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 20 августдан буён Вазирлар маҳкамаси ўтказган охирги икки йиғилишда Мередов билан бирга бош вазирнинг хавфсизлик бўйича ўринбосари ва Давлат хавфсизлик кенгаши котиби Чаримурат Аманов ҳам йўқ эди. Бироқ у 7 сентябрда бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида иштирок этди.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатда коронавирус борлигини ҳалигача инкор этмоқда, аммо аввалроқ у эпидемиологик хавфсизликка жавобгар вазирларни ишдан бўшатганди.
Мустақил ОАВ хабарларига кўра, Туркманистонда COVID-19 пандемиясининг навбатдаги авж олиши кузатилмоқда. Ашхободда бозорлар ва кафелар қайта ёпилган, жамоат транспорти дезинфекция қилинмоқда, полиция ниқобсиз одамларни жаримага тортмоқда, корхона ва ташкилотлар ходимларидан эмланганлик гувоҳномаси талаб қилиниб, акс ҳолда уларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинмоқда.
Шунингдек, Туркманистонда юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида мактабларда ўқув йилини бошлаш 1 октябрга қолдирилди.