Motorola компанияси симсиз қувватлантириш технологиясининг янги авлодини тақдим этди, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.
Motorola Air Charging бир вақтнинг ўзида узоқ масофадан туриб, тўртта қурилмани қувватлантира олади. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, қувватланиш уч метр узоқликдаги қурилмалар орқали ҳам амалга оширилади.
Қувватлантириш принципи аввалроқ тақдим этилган Мi Аir Charge’га ўхшайди, аммо Xiaomi’нинг ҳали қачон савдога чиқиши номаълум қолаётган ихтиросидан фарқли ўлароқ, Motorola ўз девайсини тез орада тақдим этишига ишонтирмоқда.
Motorola Air Charging қоғоз, чарм ва бошқа шу каби объектлар орқали ҳам ишлайверади — улар қувватлантириш жараёнига таъсир кўрсатмайди. Қурилма 1600 антеннаси ёрдамида атрофидаги қуввати камайган қурилмаларни сканер қилади.
Девайсга биологик мониторинг технологияси ўрнатилган бўлиб, у хонада инсон борлигини аниқлаш ёки фойдаланувчи док-станция ва смартфон орасида кўп қолиб кетса, қувватлантириш жараёнини ўчиришга ёрдам беради.
Аввалроқ Жанубий Кореянинг Сежон университети тадқиқот гуруҳи янги турдаги қувватлантиргич устида иш олиб бораётгани, у ҳам смартфонларни ҳаво орқали қувватлантира олиши ҳақида хабар берилганди.