Ҳиндистонда коронавирус инфекциясининг фожиали тўлқини минглаб болаларни ота-онасидан айирди. Ҳукумат уларга ёрдам беришни ваъда қилган бўлса-да, кўпи эътибордан четда қолиб, қаровсизлик ва эксплуатация хавфини бошдан кечиришда давом этмоқда. The New York Times нашри коронавирус сабаб ота-онасидан айрилган ва ёлғиз қолган болалар ҳақида мақола эълон қилди. «Дарё» ушбу мақолани ўзбек тилида тақдим этади.
Г.Сонали Редди Ҳиндистоннинг шарқий қирғоғидаги, сирти турфа ранглар билан бўялган, бежиримгина уйда онасининг ўрнига кундузлари овқат пиширади, укаларини овқатлантиради ва тунда қўрқувлари зора ариса дея уларни ухлатишга уринади.
Сонали эндигина 14 ёшга тўлган бўлса-да, оила ташвишини елкаларига олган. Отаси бир неча йиллар олдин, арава учун эҳтиёт қисмлар сотиш бўйича оилавий бизнеси касодга учрагач жонига қасд қилганди. Кейин май ойида онаси Сабита Ҳиндистонни инфекциянинг шиддатли тўлқини босган пайтда COVID-19 ни юқтириб олди.
Тиббий кислород билан энг яқин шифохонага олиб келинганидан бир неча соат ўтиб, Редди хоним вафот этади.
«Онам бизни ҳаётнинг жазирамалари ва ёмғирларидан соябондек ҳимоя қиларди», — дейди Сонали кўз ёшларини ичига ютиб. «Уни ёнимда деб тасаввур қиламан. Шу нарса мени олға боришга ундайди».Ҳиндистонда, штат расмийларининг маълумотларига кўра, пандемия даврида етим қолган 3000 дан ортиқ болалар ичида Сонали ва унинг укалари ҳам бор. Бу рақамлар мамлакат бўйлаб юз минглаб инсон умрига зомин бўлган коронавируснинг даҳшатли оқибатларига далилдир.
Шунча йўқотилганлар орасида етимларнинг мушкул, аянчли аҳволи жамоатчиликни ларзага келтирди. Бу эса мамлакат қаршисида турган, буткул ҳимоясиз болалар билан боғлиқ муаммо тан олинганидан далолат.
Ҳиндистон штатлари ҳар бир етим учун ойига 7 доллардан 68 долларгача ёрдам пули ажратишни, шунингдек, уларни озиқ-овқат билан таъминлаб, бепул таълим беришни айтди. Бош вазир Нарендра Моди ўз твитида болаларга «қадр-қиммат ва имконият эшиклари очилишини» ваъда қилди.
Лекин ҳимоячилар эътибор муқаррар сусайгач, етимлар қаровсиз қолиши ва эксплуатация қилинишидан қўрқади.
Бир вақтнинг ўзида бутун оиласидан айрилган баъзи болалар давлат имтиёзларидан фойдаланиш имкониятини берувчи ўлим тўғрисидаги гувоҳномани олиш жараёнида бундай муаммолар билан аллақачон тўқнаш келиб бўлган. Айрим болалар учун мактабга қайтиш ҳам қийин бўлади.
Кейинчалик олис туманлардаги камбағал оилалар етимлари одам савдоси ва болалар никоҳи қурбонларига айланиши мумкин. Ёш болаларни пуллаш Ҳиндистонда кенг тарқалган, улар жисмоний меҳнат ёки жинсий алоқа учун қулга айлантирилади. ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, Ҳиндистон болалар никоҳи сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради.
Аксар етим болалар учун тутинган фарзанд бўлиш, бундай амалиётга қарши миллий табуларни ҳисобга олганда, танлов бўла олмайди. Айниқса, ёши катта болаларни кўпчилик ўз қарамоғига олмаслиги мумкин.
«Ҳалокатли фожиа Ҳиндистонни вайрон қилгани сари ҳукумат ўз қиёфасини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Улар ҳимоясиз болаларга осонгина ғамхўрлик қилиши ҳақида айтиб, амалда уларнинг кичикроқ гуруҳини яратиб беряпти, холос», — дейди пандемия билан боғлиқ ижтимоий-ҳуқуқий муаммолар ҳақида ёзган, ҳуқуқшунослик йўналиши талабаси Медҳа Панде.Бир неча кун аввал эрта тонгда Одиша штатининг Паттапур қишлоғидаги бир гуруҳ расмийлар Соналини йўқлаб келди, бувиси у ерга қизи ўлганидан сўнг кўчиб келган.
Улар болаларга «етимлар нафақаси»ни берган, аммо бу пул ёздан чиқиб олгунча етади, холос. Уларнинг номига банкда ҳисоб рақамлари очилган. Расмийлар катта қопларда гуруч ташлаб кетган.
Улар ҳисоб рақамдан қандай фойдаланиш кераклиги тўғрисида кўрсатмалар бераётганда Сонали кўзларини катта-катта очганча диққат билан қулоқ солиб турди. Укалари — 8 яшар Жагабалия ва 5 ёшли Бхабана опасининг кўк кўйлагига осилганча қаршиларидаги кишиларга бееътибор тикилиб турарди.
Онаси ўлмасидан аввал ҳам улар йўқсилликда кун кечирган. Бева қолган Редди хоним уйларининг олд тарафдаги хонасига кичик бир емакхона очганди. Қўлига тушадиган арзимас пулни Соналининг мактабдан кейинги тўгаракларига сарфларди.
Сонали отасининг ўлимидан сўнг онасига қаттиқ боғланиб қолганди.
«Укаларим онамни кўришга борайлик деб ялинади», – дейди Сонали бош бармоқларини ўйнаб. «Дадам ўлганида ҳеч бўлмаса онам тириклигидан хурсанд эдик. Лекин вирус уни ҳам олиб кетди».У ердан юзлаб чақирим нарида, Ҳайдаробод шаҳрининг жанубида Соналига бегона 13 яшар Г. Сатвик Редди ҳам ота-онасининг сўнгги инфекция тўлқини пайтидаги вафотидан кейин сингилларидан шунга ўхшаш ўтинчларни эшитяпти.
Унинг уч ёшли синглиси Хаанви «ойиси» ва «дадаси»ни кўрмоқчилигини айтса, у қизалоққа: «Улар эртага уйга келади», – деб қўя қолади.
Уларнинг отаси Гопал фермер хўжаликлари учун темир панжара ясарди. Миллионлаб ўртаҳол ҳинд оилалари каби улар ҳам фарзандларини хусусий мактабга бериш илинжида имкон борича пул тежашга мажбур эди. Онаси Дипа ҳар якшанбада болалари учун товуқдан махсус таомлар тайёрлаб, Сатвикга уй вазифаларини тайёрлашда ёрдам берарди.
Апрель ойида жаноб Редди, Редди хоним ва болаларнинг бувиси бирин-кетин вирус юқтириб олди. Ҳиндистондаги доимий тиббиёт кислороди етишмаслиги, шунингдек, шифохоналарнинг беморларни қабул қилмаётгани туфайли оила аъзолари даволаниш имкон бўлмаслигидан хавотирда эди.
Бир куни касалхонада Редди хонимнинг қаттиқ тоби қочди. Икки ҳафта давомида интубация ҳолатида ҳушсиз ётди. Жаноб Реддининг ўпкаси ҳам бир зумда ёмонлашди. Май ойининг бошларида учаласи ҳам бу дунёни тарк этди.
Крематорияда Сатвик отасининг юзини пластик тўсиқ ортидан бир лаҳзага кўриб қолди. Ўшанда болакай изтиробдан карахт бўлганди. Ҳозир уйқуга кетиш олдидан кўп йиғлайдиган бўлиб қолган.
«Синглим учун ҳам ўзимни қўлга олишим керак», – дейди у.Шимолий Ҳиндистоннинг чанг босган текисликларида яшовчи 18 ёшли Шавез Сайфининг синглиси ярим кечаси уйғониб, чинқирганича онасини чақиради. Шу пайт унинг ҳам кўз ёшлари сел бўлиб оқади.
Уларнинг ота-онаси Шамшод ва Шабнам апрелда касалланганди. Шавез уларни маҳаллий шифокорга кўрсатди, у эса коронавирусга тест топширишни тавсия қилди. Бироқ ота-ўғилнинг қурилиш майдонидаги қисқариб бораётган иши ва ҳақнинг камайишини билиб Шабнам уларга Мураднагардаги уйга қайтиб, даволанишни сўрайди.
Болалар бир хонали кулба ташқарисидаги айвонда ухлар, ота-онаси эса кулба ичига қамалиб олганди. Ота-оналарининг аҳволи бирдан ёмонлашгач, болалар бир қариндошнинг уйига кўчиб ўтди. Бир неча кун ўтиб Шабнам вафот этди. Яна бир неча кундан кейин эрининг ҳам жони узилди.
Отаси билан ишлаш учун ўқишдан воз кечган Шавез ортга ота-онасиз қайтгач, уй эгаси калитни ижара ҳақи тўланганидан кейингина беришини айтиб, уларни уйга киритмаганди. Шавез ва укалари нарсаларини йиғиштириб олиши учун амакиси қарзнинг бир қисмини тўлаш мақсадида бировдан қарз олди.
Шавезнинг 9 яшар синглиси Каҳкашон ҳаммадан кўпроқ азият чекди. У деярли ҳар куни телефонни олиб, онаси гўё бошқа жойда яшаётгандай қўнғироқ қилади ва гаплашади.
«Ойижон, қачон келасиз? Сизни соғиндим», – дейди у.
«Ягона орзум – укаларимни ўқитиш», – дейди Шавез. «Ишдалигимда онам қўнғироқ қилиб: ‘Ўғлим, кеч бўлди. Уйга қачон қайтасан?’ – деб сўрарди. Энди менга ҳеч ким қўнғироқ қилмайди», – дейди у.
Паттапурдаги Сонали ҳам ўзини энг кучли ҳимоячисини йўқотиб қўйгандай сезади.
Қалин кундаликка, ота-онасининг вафот этган саналари ёзилган саҳифадан кейингисига, Сонали онасига атаб бир шеър ёзган.
Яқиндагина у буни ўз укаларига баланд овозда ўқиб берди:
Ҳаёт паст-баландидан ўтган онамиз бизни ўстирди,
Бу оламнинг энг чўққисида турар ва бизни доим қўллар у.
Онасиз бу дунё бепушт, усиз борлиқнинг ранги бўлакча,
Унинг дардини ололмаймиз-у, аммо бизнинг ғамимиз аритар у.
Изоҳ (0)