Ижтимоий тармоқларда Россиянинг Москва шаҳрида турли миллат вакиллари иштирокида этник оммавий муштлашув юз бергани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Шу сабабли Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди.
Мурожаатда агентлик ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан бундай оммавий муштлашувларда иштирок этмасликни сўраган. Шунингдек, муаммоли ёки низоли вазиятларда ваколатли органлар ҳамда Ўзбекистоннинг ушбу давлатдаги дипломатик идораларига мурожаат қилиш кераклигини таъкидлаб, Россия қонунларига риоя этишга чақирган.
Бундан ташқари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу муштлашувда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг иштирокини ўрганиб, зарур ҳолатда ўзбекистонликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколати доирасида барча чораларни кўришини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, оммавий муштлашувларда иштирок этиш чет эл фуқаролари учун Россия қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортилиш ёки давлатдан мажбурий чиқариб юборишга олиб келиши мумкин.