Боксчи Баҳодир Жалолов Токио Олимпиадасида олтин медални қўлга киритди.

Фото: Getty Images

+91 кг вазн тоифасида ҳаракат қилган Жалолов финал баҳсида америкалик Ричард Торресни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва мусобақанинг олтин медалига эга чиқди.

Жангнинг биринчи раундида Торреснинг устунлиги кузатилди. Бироқ Баҳодир иккинчи ва учинчи раундларда вазиятни ўнглади ва ғалабани ўз томонига оғдирди.

Ўзбекистонлик боксчи ярим финалда Буюк Британия вакили Фрэйзер Кларкк устидан ғалаба қозонганди. Ричард Торрес эса 1/2 финалда қозоғистонлик Камшибек Кункабаевни таслим этганди.

Қайд этиш керак, Жалолов учун Ричард Торрес бегона эмас. Бу икки боксчи 2019 йил Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтган Жаҳон чемпионати чорак финалида тўқнаш келганди. Унда Баҳодир рақибини биринчи раундда чуқур нокаутга учратиб, ғалабага эришганди.

Шу тариқа ўзбекистонлик спортчиларнинг Токио Олимпиадасидаги иштироки якунланди. Ўзбекистон вакиллари мусобақада умумий ҳисобда 5 та медални қўлга киритди. Бунгача Улуғбек Рашидов (таэквондо) ва Акбар Жўраев (оғир атлетика) олтин, Давлат Бобонов (дзюдо) ҳамда Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш) эса бронза медалига эга чиққанди

Маълумот учун, Баҳодир Жалолов 1994 йилнинг 8 июлида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилган. Баҳодир уч карра Осиё ва бир карра Жаҳон чемпиони ҳисобланади. У 2016 йилда Риода бўлиб ўтган Олимпиадада чорак финалга қадар етиб борганди. Шунингдек, Баҳодир профессионал боксда ҳам фаолият олиб боради. Ҳозиргача у 8 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган.