Хонанда Имрон «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Фото: «Дарё»

Имрон суҳбат давомида турмуш ўртоғини биринчи марта жанозада кўриб қолгани, икки ярим йил кутишга мажбур бўлиб, иккита шаҳарда тўй қилгани ҳақида гапириб берди.

Келин томондагилар бу санъаткор, хонанда-ку, бунинг атрофида кўп қизлар бўлади, деган гапни ушлаб олди. У ерда Имрон уйланган, Имроннинг болалари бор, деган гаплар чиққан экан. Дурдона Қурбонова билан клипимиз чиқиши арафасида катта гап-сўзлар бўлган. Бухорода-ку майли, Тошкентда ҳам Дурдонага уйланибсан, деган гап-сўзлар кенг тарқалди.

Ота-онамни, акаларимни келиннинг уйига қайта-қайта совчиликка юбордим. Тўйимиз арафасида ҳаммаси ҳал бўлди. (Кулиб) Ростдан ҳам икки марта уйланганман, фақат битта қизга икки марта уйланганман. Битта тўй Бухорода, иккинчи тўйимиз Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.

Яхши кўриб, икки ярим йил кутиб, уйланганман. Икки ярим йил кутганимнинг сабаби — шунча вақт катта бўлишини кутганман. Аёлим мендан 12 ёш кичкина.

Аёлимнинг санъатга умуман алоқаси йўқ. Бухорода университетда ўқийди, биринчи курсни тугатди. Худо хоҳласа, энди ўқишини Тошкентга кўчириш ҳаракатидамиз.

Аёлимнинг бобоси оламдан ўтганида мен ҳам жанозага борганман. Улар билан қариндошчилигимиз бор. Ўша ерда кўриб қолганман, бу воқеага икки ярим йил бўлди. Онам, аммаларим мана шунча қиз, бирортасини кўр, танла, қачон уйланасан, деб ҳоли-жонимга қўйишмаган вақтлар эди. Ўшанда мана шу қизга уйланаман, деганман, шунда онам жим, у қиз ҳали ёш, ота-онаси турмушга бермайди ҳали, деганлар. Ундай бўлса, бошқа кимга уйланасан, деб сўраманглар, деганман.

Имрон, хонанда