Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Аҳмедов Туризм ва спорт вазирлиги вакиллари ҳамроҳлигида Олимпиада ўйинлари рекордини янгилаб, олтин медални қўлга киритган спортчи Акбар Жўраевнинг уйига бориб, унинг онаси ва яқинларига Ўзбекистон Президенти табригини етказди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

«Энг аввало, спортчиларга яратилаётган шароитлар, уларга кўрсатилаётган рағбат учун юртбошимизга катта раҳмат деймиз. Ўғлимнинг ғалабаси шуларнинг спортни ривожлантириш йўлидаги биргаликдаги меҳнати самарасидир», — деган чемпионнинг онаси Ҳафиза Норметова. Унинг сўзларига кўра, Акбар Жўраев акасининг изидан бориб, тош кўтаришга қизиққан.

«Акбарнинг дадаси раҳматли билан ўғлимизга ‘Албатта, бир кун келиб Олимпиада чемпиони бўласан, Ўзбекистон байроғини кўкка кўтарасан’ дея ният қилардик. Ўзи ҳам ҳавас қилиб, ‘Руслан Нуритдиновдек Олимпиада чемпиони бўламан’ дея орзу қиларди. Мана, шу кунлар ҳам келди, қувончимиз чексиз, албатта. Ўғлим ғалаба қозониши билан қўнғироқ қилиб, хурсандчилиги билан бўлишди. Тан-у жони соғ бўлиб, доим юртимиз байроғини баланд кўтариб юришига тилакдошман», — дея қўшимча қилган у.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, 3 август куни Акбар Жўраев Токио—2020 Олимпия ўйинларида Ўзбекистонга иккинчи олтин медални келтирди. Акбар Жўраев 109 килограмм вазн тоифасидаги спортчилар баҳсида иштирок этди. У дастлаб 227 килограмм, сўнгра 237 килограмм штанга кўтариб, умумий 430 килограмм натижани қайд этди ва Токио—2020 Олимпия ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди.

Президент фармонига кўра, Токио—2020 Олимпиадасида олтин медалга эга чиққан спортчилар 200 минг доллар пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Маълумот учун, Акбар Жўраев 1999 йилнинг 8 октябрида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида туғилган. Фаолияти мобайнида ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида (2019) ғолиб бўлган. 2019 ва 2020 йилги Осиё чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлган.