Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 август куни бўлиб ўтган видеоселектор чоғида Токио—2020 Олимпиадаси совриндорларини табриклади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Давлат раҳбари барча ҳамюртларимизни ва жамоамизга иккинчи олтин медални келтирган оғир атлетикачи Акбар Жўраевни, шунингдек, аввалроқ Олимпия чемпионига айланган таэквондочи Улуғбек Рашидов ва бронза медали соҳиби Давлат Бобоновни табриклади», — дея маълум қилди Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Акбар Жўраев (-105 кг) 3 август куни оғир атлетика бўйича ўтказилган мусобақада Олимпия рекордини қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлди. 28 июль куни Давлат Бобонов дзюдо бўйича бронза медалига эга чиққан, 25 июлда эса Улуғбек Рашидов таэквондо бўйича олтин медални қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, Президент фармонига кўра, Токио—2020 Олимпиадасида олтин медалга эга чиққан спортчилар 200 минг доллар, кумуш медал эгалари 100 минг, бронза олган спортчилар эса 50 минг доллар миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади