Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) жаҳон иқтисодиётини тиклаш учун рекорд даражадаги, яъни 650 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишни маъқуллади, деб хабар беради «Дунё» агентлиги.

Фото: «Minal.az»

ХВЖ тарқатган пресс-релизда қайд этилишича, «Халқаро валюта жамғармаси захира активлари ҳисобидан 456 миллиард  SDR (Special Drawing Rights — махсус қарз олиш ҳуқуқлари, 650 миллиард доллар) ажратади. 275 миллиард доллар ривожланаётган бозорларга ва мамлакатларга берилади».

«Ушбу муҳим қарор — ХВЖ тарихидаги энг йирик  SDR тақсимоти ва мисли кўрилмаган инқироз даврида глобал иқтисодиёт учун йўналтирилган молиявий кўмак ҳисобланади.  SDR’нинг тақсимланиши барча аъзо мамлакатлар манфаати учун хизмат қилади», — дейди ХВЖ бошқарувчи директори Кристалина Георгиева.

Маблағларни ажратиш тўғрисидаги қарор 23 август куни кучга киради. Маблағлар квоталарга мутаносиб равишда жамғармага аъзо мамлакатларга ўтказиб берилади. Квотага мувофиқ (0,116 фоиз) Ўзбекистон 754 миллион АҚШ доллари олиши мумкин.

Жамғарма хабарида таъкидланишича, ХВЖ, шунингдек, ёрдамга ўта муҳтож давлатларга тикланиш ишларида ёрдам бериш учун бошқа вариантларни ҳам ўрганиб чиқмоқда.

ХВЖ жаҳон иқтисодиёти 2021 йилда 6 фоиз ва келгуси йилда эса 4,9 фоизга ўсишини башорат қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 18 май куни Халқаро валюта жамғармаси директорлар кенгаши томонидан коронавирус пандемиясининг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирларини юмшатиш мақсадида Ўзбекистонга 375 миллион доллар эквивалентидаги имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши маъқулланди.

Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистонга кредит ажратишга розилик бергани ҳақида 23 апрель куни бош вазир ўринбосари — иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилган эди.

Кейинроқ молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов Халқаро валюта жамғармаси 375 миллион доллар миқдорида кредит ажратишда Ўзбекистонга қўшимча шарт қўймаслигини маълум қилганди. Кредит ажратишда ХВЖ Ўзбекистондан унинг кўмагида амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттиришни сўраган.