Қашқадарёнинг Нишон тумани «Каптарли» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 51 ёшли фуқаро 25 июль оқшомида уйидан ИИБ ходимлари томонидан соғлом ҳолда олиб кетилиб, 26 июль куни пешиндан сўнг шифохона орқали ўлик ҳолда қайтарилган. «Дарё» мухбири Нишонда бўлиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.

«Ўлдиришни эмас, тинчлантириб беришни сўрагандим»

Марҳум Нурсоат Муҳаммадиевнинг укаси Олтибой Муҳаммадиевнинг сўзларига кўра, акаси калтаклаш оқибатида етказилган тан жароҳатлари сабаб вафот этган бўлиши мумкин.

«2021 йилнинг 25 июль куни соат 19:30—20:00 атрофида Нурсоат акамнинг уйига маҳалла ‘участкавой’и ва фуқаро кийимидаги икки киши келиб, уни олиб кетган. Буни акамнинг ўғли Наврўзбек айтиб берди. Акам уйидан ИИБ ходимлари томонидан соғлом ҳолда олиб кетилиб, эртаси куни соат 14:30—15:00 ларда шифохонада вафот этган. Уйидан соғлом ҳолда олиб кетилган одам эртаси куни ўлик ҳолда топиляпти.

Олтибой Муҳаммадиев.

Фото: «Дарё»

Тирик инсон ўлиб кетади-ю, ҳамма жим. Бир ҳафтадан бери кўп жойларга мурожаат қилдим, ҳеч ким эътибор бермаяпти. Маҳалла раисига бу ҳақда айтиб, ўша куни акамни олиб кетган профилактика инспектори ва унинг фуқаро кийимидаги икки шериги маст бўлгани, акамни роса уришгани ҳақида айтсам, раис инспекторнинг ёнини олиб, ‘у ичмаган экан’, деяпти.

Қариндошлар билан бирга акамнинг жасадини кўрдик — бадани кўкариб, қонталаш бўлиб кетган. Танасидаги жароҳатларни кўрган одам акам уриб ўлдирилганини англаб етарди», — дейди Олтибой Муҳаммадиев.

Марҳумнинг ўғли Наврўзбек Шоқиев дадаси уч нафар киши томонидан олиб кетилганини тасдиқлади.

Наврўзбек Шоқиев онаси Сайёра Жўраева билан.

Фото: «Дарё»

«Ишдан уйга қайтганимда, дадам ички ишлар органи формасидаги киши билан гаплашиб турганди. Шунда ИИБ ходимининг телефони жиринглади. У ким биландир гаплашгач, уйимизга Damas’да икки киши келди. Улар фуқаро кийимида эди. Уларнинг формаси Damas’да экан. Кейин фуқаро кийимидаги кишилар дадамни ушлаб, бўйнини эгиб, ‘участкавой’нинг ‘Жигули’ машинасига миндирди ва олиб кетди. Damas ўша ерда қолди», — деди марҳумнинг ўғли.

Марҳумнинг турмуш ўртоғи Сайёра Жўраеванинг таъкидлашича, эри Нурсоат ака асосан мардикорчилик билан шуғулланган — ўша куни Тошкентдан ишлаб қайтган бўлган.

Сайёра Жўраева.

Фото: «Дарё»

«Эрим шу куни Тошкентдан келган, ишлаб қайтгани учун ичганди. Мастлиги сабаб ўртамизда бироз келишмовчилик бўлди. Менга ‘уйдан кет’ деди. Мен ҳам аччиқ қилиб, кўчага чиқдим ва ‘участкавой’ни кўриб қолиб, ‘акангизни тинчлантириб бермайсизми’, дедим. Бораверинг, кечроқ бораман, деди. Кейин қайнимларникига бордим. Соат 22:00 ларда уйга келсам, эримни олиб кетишган экан.

Эртаси куни соат тахминан 12:00 да ‘участкавой’ телефон қилиб, эрингизни шифохонага олиб бордим, деди. Бир соатлардан кейин яна телефон қилиб, ‘эрингизнинг тоби қочибди, олиб келайлик’, деди. Бироздан сўнг, уйимизга Damas’да икки киши келди, мени олиб йўлга чиқишди. Нишон тумани марказида ‘участкавой’ ҳам Damas’га минди. Қаршига кириб борган жойимизда, олди ўриндиқда ўтирган ‘участкавой’ орқасига қараб, ‘эрингиз ўтиб қолди’, деди.

Шокка тушиб қолдим. ‘Нега фақат менинг ўзимни олиб келяпсиз? Нега уйдагиларга хабар бермадик?’, деб сўрадим. Сўнг укамларга, қариндошларга телефон қилиб, хабар бердик. Мен ‘участкавой’дан эримни шунчаки тинчлантириб беришни сўрагандим, ўлдириб, болаларимни етим қилинг демагандим-ку!», — дейди марҳумнинг беваси Сайёра Жўраева.

«Каптарли» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Асқар Ўраловнинг қайд этишича, Нурсоат Муҳаммадиевнинг оиласи нотинч хонадонлар рўйхатида туради, марҳумнинг ўзи эса кўпинча спиртли ичимлик ичиб, хотини билан жанжаллашган.

Асқар Ўралов.

Фото: «Дарё»

«Марҳум вақти-вақти билан ичиб турарди, ичган пайти қўлига пичоқ олиб, хотинига ўлдираман деб қоларди. Ўзим ҳам бир неча марта яраштириб, қўлидан пичоқни олиб қўйганман. Хотини ҳар сафар маҳалла идорасига қочиб келарди. Бунга Олтибой ака (марҳумнинг укаси) ҳам гувоҳ.

Олтибой ака жигарининг ўлими сабаб, аччиқ қилиб, ‘участкавой’ни айблаяпти. Мен воқеа ҳақида эшитган пайтим ‘участкавой’ билан гаплашиб, бу ҳақда туман ҳокими ва ИИБ бошлиғига хабар беришимиз кераклигини айтганман. Шунда ‘участкавой’ ИИБ бошлиғининг хабари борлигини айтди.

Профилактика инспекторига Олтибой аканинг айбловларини билдириб, ‘участкавой’дан ўша вақтда ичган-ичмаганини сўрадим. У ичмаганини, экспертизадан ўтганини айтди», — дейди маҳалла раиси Асқар Ўралов.

«Жасаддаги кўкариш ва қорайишлар — ўлим доғлари»

Нусрат Муҳаммадиев 25 июль куни соат тахминан 23:20 да Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё вилоят минтақавий филиали томонидан қабул қилиб олинган. Шифокор Бекназар Тугаловнинг таъкидлашича, уни уч киши олиб келган.

Бекназар Тугалов.

Фото: «Дарё»

«Фуқаро бир нафар ИИБ ходими ва фуқаро кийимидаги икки киши томонидан олиб келинди. Йўлда келгунча ухлаб қолган экан. Уйғотиб, саволлар бердим ва текширдим. Мастлиги боис барча саволларга бошини қимирлатиб, тасдиқ жавобини берарди. Аммо ташқи кўринишида асабийлик кўрмадим», — дейди шифокор  Тугалов.

Нурсоат Муҳаммадиевни шифохонага олиб келган ИИБ ходими уининг мунтазам спиртли ичкилик ичиши, хотини шу масалада унга шикоят қилганини айтгач, Бекназар Тугалов фуқарони шифохонага ётқизиш керак, деган хулосага келган.

Нурсоат Муҳаммадиевни диспансерда қабул қилиб олган бошқа бир шифокор Отабек Расулов ҳам унда тажовузкорлик аломатлари бўлмагани, у фақат ухлаганини айтмоқда.

Отабек Расулов.

Фото: «Дарё»

«Фуқарони менга олиб келишганида у ухлаётганди, уйғонмади ҳам ҳатто. Биз одатда беморлар олиб келингач, улар спиртли ичимлик таъсирида безовта бўлса, тинчлантириш учун укол қиламиз. Аммо бу фуқаронинг ўзи тинч ухлаётганди», — дейди Отабек Расулов.

Фуқарога 26 июль куни эрталаб — вафот этгунга қадар учинчи шифокор — Жаҳонгир Сувонов қараган. У ҳам Нурсоат аканинг ухлашни афзал кўрганини айтмоқда.

Жаҳонгир Сувонов.

Фото: «Дарё»

«Фуқаро шифохонага олиб келиниб, вафот этгунга қадар биз томондан ҳеч қандай муолажа қилинмаган. У тинч ҳолатда бўлган, фақат ухлаган. Биз эса унинг нафас олишини, соғлиғини назорат қилиб турдик. У жони узилаётганида сал безовта бўлгач, хабар беришди. Етиб борсак, жони узилган экан», — дейди у.

Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизмати суд тиббий экспертизасининг 26 июлдаги маълумотномасига таяниб хабар беришича, марҳум Нурсоат Муҳаммадиев сурункали алкоголизм натижасида вафот этган. Жаҳонгир Сувоновнинг қўшимча қилишича, марҳумнинг яқинлари томонидан калтаклаш излари деб айтилаётган жасаддаги кўкариш ва қорайишлар ўлим доғлари ҳисобланади.

Бир-бирига зид баёнотлар

«Каптарли» маҳалласи профилактика инспектори капитан Исомиддин Холматов «Дарё» мухбири билан қисқа суҳбатида фуқаро Нурсоат Муҳаммадиевни олиб кетишга борганида унга туманнинг «Ширинобод» маҳалласи профилактика инспектори ва унинг фуқаро таниши ҳамроҳлик қилганини маълум қилди.

«Ширинобод» маҳалласи профилактика инспектори катта лейтенант Ҳабиб Пўлатов мухбир билан телефон орқали мулоқотда Нурсоат Муҳаммадиевнинг хонадонига борганини тан олди. Аммо ёнидаги фуқаро кийимидаги таниши ҳақида «вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ирода опа (Расулова)дан маълумот олиш»ни тавсия қилиб, телефонни қўйиб қўйди.

Ўз навбатида, Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизмати ҳодиса юзасидан берган расмий муносабатида ўша куни «Ширинобод»нинг профилактика инспектори «Каптарли» маҳалласи «участкавой»ига ўз таниши — «Ширинобод» маҳалласида яшовчи жамоатчилик вакили Г.А. билан бирга ёрдамга борганини тасдиқлади.

Фото: «Дарё»

Айни вақтда, вилоят ИИБ ахборот хизмати берган баёнотда айрим зиддиятлар бор. Биринчидан, вилоят ИИБ баёнотида инспектор Исомиддин Холматов Сайёра Жўраевага эрини Наркология диспансерига мажбурий тартибда ётқизиш бўйича ариза ёзиб бериши кераклигини тушунтиргани, бироқ аёл бундан бош тортгани, шундан сўнг инспектор ҳолатни тегишли тартибда ҳужжатлаштириш мақсадида Нурсоат Муҳаммадиевни маҳалла идорасига олиб бориб, маҳалла раиси Асқар Ўроловнинг 25 июлдаги билдириш хатига асосан фуқарони диспансерга олиб кетгани таъкидланади.

Юқорида иқтибос келтирилганидек, марҳумнинг рафиқаси Сайёра Жўраева маҳалла инспекторидан «эрини тинчлантириб бериш»нигина сўраб (ўшанда инспектор уларнинг уйига «кечроқ бориши»ни айтган), ўзи қайнисиникига кетган ва эри ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб кетилганини соат 22:00 атрофида, уйига қайтиб келгач билган. Шунингдек, маҳалла раиси Асқар Ўроловнинг «Дарё»га маълум қилишича, у марҳумни наркология диспансери кўригидан ўтказиш учун ҳеч қандай билдириш хати ёзмаган.

Иккинчидан, вилоят ИИБ ахбороти хизмати баёнотида таъкидланишича, Нурсоат Муҳаммадиев 26 июль куни соат 20:45 да тўсатдан вафот этган. Аммо «Каптарли» маҳалласи профилактика инспектори Исомиддин Холматов Нурсоат Муҳаммадиевнинг ўлими ҳақида марҳумнинг яқинларига 26 июль куни соат 14:00 арафасида маълум қилган. Шунингдек, у маҳалла раиси билан суҳбатда «воқеа ҳақида Нишон тумани ҳокими ва ИИБ бошлиғи хабардор»лигини айтган. Аммо Нишон туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Жалил Боллиев «Дарё» мухбири билан суҳбатда туман ИИБ раҳбарияти бу воқеа ҳақида 1 август, якшанба куни хабар топганини билдирди.

Фото: «Дарё»

Шунингдек, вилоят ИИБ ахборот хизмати баёнотида «марҳумнинг укаси 31 июль куни Қарши тумани прокуратурасига акасининг ўлими сабабига аниқлик киритишда ёрдам беришни сўраб борганида, масъуллар томонидан ўлим сабаби юзасидан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланганлиги, экспертиза хулосаси тайёр эмаслигини маълум қилиниб, ўлим сабаблари юзасидан қўшимча маълумот берилиши тушунтирилган»и таъкидланади (баёнотнинг бу қисми кейинроқ ўчириб ташланган).

Бироқ Нурсоат Муҳаммадиевнинг укаси Олтибой Муҳаммадиев акасининг ўлими билан боғлиқ ишни Қарши туман прокуратураси кўриб чиқаётганини 1 август куни билганини, вилоят ИИБ ахборот хизмати тарқатган ахборот ёлғонлигини айтди. «Нима қилади ёлғон маълумот бериб, виждони қийналмайдими? Қарши туман прокуратураси қаерда жойлашганини ҳам билмайман ҳатто. 31 июль куни фақат Нишон туман прокуратурасига бордим, аммо карантин деб киритишмади», — дейди Олтибой ака.

Қарши туман прокурори Алишер Мирзаевнинг «Дарё»га маълум қилишича, ҳозирда фуқаро Нурсоат Муҳаммадиевнинг ўлими билан боғлиқ ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қашқадарё вилоят ИИБ томонидан эса профилактика инспекторлари Исомиддин Холматов ва Ҳабиб Пўлатовга нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Бу биринчи эмас

Сўнгги бир ҳафта ичида ички ишлар органлари ходимларининг эҳтимолий зўравонлиги билан боғлиқ аввалроқ юз берган камида иккита ҳолат ҳақида маълум бўлди. Жумладан, 2021 йилнинг май ойида Қорақалпоғистоннинг Тахиатош туманида ИИБга олиб кетилган фуқаро вафот этгани ҳақида, июль ойи бошида эса Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ИИБга олиб кетилган фуқаронинг шифохонада жони узилгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ички ишлар органлари ходимлари марҳумларга нисбатан куч ишлатгани тахмин қилинмоқда; ҳозирда ушбу ҳолатлар бўйича текширув-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Қашқадарёнинг ўзида эса 2020 йил январида ички ишлар тизимини титратган ҳодиса юз берган — Чироқчи туман ИИБ ходимлари 32 ёшли эркакни уриб ўлдириб қўйган эди. Кейинчалик воқеанинг бир қатор иштирокчилари озодликдан маҳрум қилинган.

Муаллиф:Отабек Қўлдошев