Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида яшовчи фуқаро шериклари билан банкирларни калтаклагани маълум бўлди. Бу ҳақда bankers.uz сайти хабар берди.

Таъкидланишича, Қарши туманида яшовчи фуқаро Эркин (барча исмлар ўзгартирилган) 2020 йил «Универсалбанк»дан жами 350 миллион сўм кредит олган. Банк ходимлари кредит сўндириш графигига мувофиқ, фуқарога июль ойи учун 23 миллион сўм тўлаши лозимлигини тушунтириш учун унинг яшаш уйига борган. Туманнинг «Файзобод» маҳалласида яшовчи фуқаро эса шериклари билан беш нафар банк ходимини уриб, уларга тан жароҳати етказган.

Нашр журналисти билан боғланган жабрланувчиларнинг бири ҳозирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қарши филиалида даволанаётганини билдирган.

Қўшимча қилинишича, банк ходимлари ушбу ҳолат юзасидан Қарши тумани ИИБга мурожаат қилган. Мурожаат натижасида туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими мазкур ҳолат юзасидан суд тиббий экспертиза тайинлаган.

Вазиятни изоҳлаган вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ирода Расулова вазият бўйича қўшимча маълумот беришини маълум қилган.