ZTE компанияси фронтал камераси экран остида жойлашган Axon 30 смартфонини тақдим этди. Унда бундан олдинги ZTE Axon 20 моделидаги техник хатоликларни тузатишга қодир янги авлод камерасидан фойдаланилган, деб хабар беради «Afisha.uz».

Фото: «Afisha.uz»

Аппаратга Full HD+ сифатни қўллаб-қувватловчи 6,92 дюймли AMOLED-дисплей ўрнатилган, тасвир янгиланиш частотаси — 120 герц. ZTE  муҳандислари селфи камеранинг ҳар бир дюймидаги пикселлар зичлигини 200 дан 400 га қадар очирган ва бу фронтал камеранинг кундалик фойдаланишда кўринмаслигини таъминлайди.

Фото: «Afisha.uz»

Экран остидаги датчик 16 мегапикселга эга бўлган, асосий камераси — 64 мегапиксел бўлиб, сониясига 4К сифатдаги 60 та кадрни ёзиб олишга қодир. Шунингдек, 8 мегапикселли ултра кенг бурчакли модуль ва 5 ҳамда 2 мегапикселли қўшимча иккита датчик мавжуд. Смартфондаги бармоқ изи сканери экран остига ўрнатилган.

Фото: «Afisha.uz»

ZTE Axon 30 ичида Snapdragon 870 процессори, 6/8/12 гигабайтли тезкор ва 128/256 гигабайтли ички хотира жойлашган. Қурилма автономлигига сиғими 4200 мА/соатга тенг батарея жавоб бериб, у 55 ваттли тезкор қувватланиш имкониятига эга.

Янги модель савдолари Хитойда 3 августдан бошланади. Расмий нархлар:

  • Axon 30 6/128 ГБ — 338 доллар;
  • Axon 30 8/128 ГБ — 384 доллар;
  • Axon 30 8/256 ГБ — 430 доллар;
  • Axon 30 12/256 ГБ — 476 доллар.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг августида ZTE кўринмас фронтал камерага эга биринчи смартфонни тақдим этганди, кейинроқ экрани остида «кўринмас» камерага эга ушбу смартфон ўзини оқламаганди.