Токио—2020 Олимпиадасининг 24 июль кунги мусобақалари ортда қолди. Ўзбекистон делегациясининг қатор аъзолари ушбу кунги баҳсларда иштирок этди.

Коллаж: «Дарё» | Фото: МОҚ / Getty Images

Ўқ отиш

Ўзбекистонлик спортчилар ичида иштирокни биринчи бўлиб ўқ отиш бўйича терма жамоа вакили Мухтасар Тоҳирова бошлаб берди. 10 метрдан милтиқдан ўқ отиш бўйича Тоҳирова 622.2 балл тўплаб, 32-натижани қайд этди ва бу йўналиш бўйича ўз юришини тўхтатди. Ушбу спорт турида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган ягона спортчи бўлган Тоҳирова кейинги уринишни 50 метр масофада уч ҳолатда ўқ отиш йўналиши ўз омадини синаб кўради.

Қиличбозлик

Сабля йўналишида ҳаракат қилган 19 ёшли ўзбекистонлик спортчи Шерзод Мамутов руминиялик Юлиан Теодосиуга қарши жанг олиб борди ва 11:15 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Шпага йўналишида эса Малика Ҳакимова хитойлик Йивен Сунга қарши баҳс юритиб, 10:15 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Фото: Getty Images

Шу тариқа бу икки спортчи ҳам Олимпиададаги юришини тўхтатди. Ўзбекистонлик қиличбозлардан эса Зайнаб Дайибекова (сабля йўналиши) кейинроқ ўз омадини синаб кўради.

Бокс

Ушбу спорт турида ўзбекистонликларнинг иштирокини Шаҳноза Юнусова (-69 кг) бошлаб берди. У 1/16 финалда польшалик Каролина Косевскага қарши рингга кўтарилди ва 0:5 ҳисобида мағлуб бўлди.

Санжар Турсунов (-91 кг) эса кутилмаганда 1/16 финалдаёқ ўз иштирокини якунлади. Жазоирлик Абдулҳафид Беншаблага қарши кечган қийин жангда Турсунов 1:4 ҳисобида мағлуб бўлди.

Фото: МОҚ

Бокс бўйича Ўзбекистон вакилларидан икки аёл ва етти нафар эркак спортчи қолди. 25 июль куни уларнинг уч нафари рингга кўтарилади.

Дзюдо

Дзюдо ҳам Ўзбекистон учун омадли бошланмади. Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг) 1/8 финалда украиналик Артём Лесиукка қарши кураш олиб борди ва имкониятни бой берди.

Фото: МОҚ

Академик эшкак эшиш

Собир Сафаралиев ва Шаҳбоз Холмирзаев жуфтлиги 2000 метрлик масофани босиб ўтиш учун 6 дақиқа-ю 44.98 сония вақт сарфлади ва 4-ўринни эгаллади. Эндиликда улар 25июль куни ўтиш мусобақасида иштирок этади.

Теннис

Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ракеткачиси Денис Истомин дастлабки босқичда ҳиндистонлик Сумит Нагалга қарши кортга чиқди. Уч сет натижасига кўра Истомин мағлубиятни тан олди — 4:6, 7:6, 4:6.

Велоспорт

Муроджон Холмуродов 234 километр масофада ўтказилган гуруҳ пойгасида 128 нафар пойгачи орасида 64-бўлиб маррага етиб келган. Қайд этиш керак иштирокчиларнинг 85 нафари финиш чизиғига қадар етиб келган, 43 спортчи эса пойгани муддатидан аввал тўхтатган. Шу билан Холмуродов Олимпия ўйинларидаги иштирокини якунлади.

Спорт гимнастикаси

Расулжон Абдураҳимов кўпкураш баҳсларида саралаш босқичида иштирок этди ва олти хил машқларда умумий ҳисобда 79.064 очко жамғариб, 49-ўринда қайд этилди. Бироқ бу финал йўлланмаси учун етарли бўлмади.

Фото: МОҚ матбуот хизмати

Шу тариқа 24 июль кунги мусобақалардан кейин Ўзбекистон вакилларининг 9 нафари ўз юришини якунлади. Фақат Шаҳбоз Холмирзаев / Собир Сафаралиев жуфтлиги эса (академик эшкак эшиш) медаллар учун имкониятни сақлаб қолди. 25 июль куни Ўзбекистон вакиллари яна 10 та йўналишда ўз чиқишини амалга оширади.