Самарқанд шаҳридаги «Шуҳрат» ресторанида 2021 йилнинг 18 июль куни соат 15:30 да жанжал юзага келган. Натижада ресторан эгасининг 2002 йилда туғилган фарзанди оғир жароҳат олиб шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев хабар бермоқда.

Фото: Видеодан скриншот

Маълум бўлишича, ресторанда тўй қилишга буюртма берган фуқаронинг қариндошлари ва жиянлари ресторанга бостириб кириб, нега меҳмонлар ҳалигача киритилмаётганини сўраган ва бақир-чақир қилган. Ресторан эгаси эса дастурхон тайёр эмаслиги, тайёр бўлгандан сўнг ресторанга киришга рухсат беришини айтган. Бироқ меҳмонлар ресторан эгасини ҳақорат қилган.

Натижада жанжал юзага келиб, ресторанга кирган фуқаролар ресторан эгаси, унинг турмуш ўртоғи ва фарзандини калтаклаган. Олган тан жароҳатларидан сўнг ресторан эгасининг 2002 йилда туғилган фарзанди Я.Я. оғир тан жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.

Ресторан эгасининг маълум қилишича, воқеанинг эртаси куни, 19 июлда жанжал иштирокчиларидан бири ресторан ишчиси О.Я.ни ҳам урган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Сагдуллаевнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, жанжал иштирокчиларидан бири қамоққа олинган.

Воқеа юзасидан «Дарё» мухбири журналистик суриштирув олиб бормоқда.