Озарбайжон яна Арманистонга икки мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигини тан олиш ва чегараларни белгилаб олиш тўғрисида тинчлик шартномаси имзолашни таклиф қилди. Бу ҳақда Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга таяниб, «Коммерсантъ» хабар берди.

Фото: «ТАСС»

Алиевнинг таъкидлашича, Россия ва Озарбайжон Тоғли Қорабоғ можаросини тугаган, деб ҳисоблайди.

«Биз Арманистонга кун тартибини — тинчлик шартномасини юбордик. У истамаслигини айцин, рад этишини айцин. Мен кўп марта айтганман, яна айтаман: биз тайёрмиз, кел, музокараларни бошлаймиз. Уруш тугадими? Тугади. Сен тинчликни хоҳлайсанми, Арманистон? Афтидан, хоҳлайсан. Унда нега тинчлик шартномасини имзоламаяпсан? Бизнинг ҳудудий яхлитлигимизни тан олинг, тинчлик шартномасини имзоланг ва чегараларни делимитация қилиш масаласини ҳал қилинг. Шу муносабат билан бизнинг кун тартибимиз Европа Иттифоқи, Туркия ва Россиянинг кун тартибига мос келади», — деди Алиев АзТВ давлат телеканалига берган интервьюсида. «Биз — Россия ва Озарбайжон уруш тугаганига, зиддият барҳам топганига ишонамиз», — дея қўшимча қилган у.

Озарбайжон президентининг сўзларига кўра, 2020 йил 10 ноябрда имзоланган Тоғли Қорабоғ бўйича тинчлик битимига мувофиқ очилиши керак бўлган Зангезур йўлаги масаласида Арманистон «қандайдир ўйин қилмоқчи».

«Минтақадаги барча коммуникациялар бир вақтнинг ўзида очилиши ва алоҳида ёндашув қўлланилмаслиги керак. Аммо кўряпмизки, Арманистон бу ерда яна қандайдир ўйин кўрсатмоқчи», — деди у.

Алиев Россия ва Озарбайжонни ҳеч қандай келишмовчиликларга эга бўлмаган стратегик шериклар деб атади. «Биз ҳақиқий стратегик шерикмиз, узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик борасида келишмовчиликларимиз йўқ. Бизнинг дўстлигимиз жуда кучли ва шахсан мен Путин билан жуда яқин алоқадаман, биз бир-биримизга ишонадиган сиёсатчилармиз. Бу жуда муҳим, менинг сўнгги ташрифим давомида икки томонлама кун тартибидаги масалалар муҳокама қилинган», — деди Озарбайжон давлати раҳбари.

20 июль куни Владимир Путин ва Илҳом Алиев Кремлда учрашганди. Россия президенти ҳамкасбига Тоғли Қорабоғдаги вазиятни ҳал қилишда муросали ечимлар топгани учун миннатдорчилик билдирган.