Германиянинг Арвайлер туманида (Рейнланд-Пфальц штатининг бир қисми) кучли сув тошқини натижасида тахминан 1,3 минг киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Бу ҳақда туман маъмурияти веб-сайтига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: Reuters

Табиий офат камида 80 кишининг умрига зомин бўлган. Жумладан Шимолий Рейн-Вестфалия федерал штатида кучли бўрон натижасида 30 киши, Рейнланд-Пфальцда эса камида 50 киши ҳалок бўлди. «Қурбонлар кўпайиши мумкин деган хавотир бор», — деди 16 июль куни эрталаб Кобленз шаҳри полицияси вакили.

Шунингдек, 3,5 мингга яқин одам тиббий муассасаларга юборилган. 16 июль куни ушбу ҳудуддаги барча мактаблар ёпиқ бўлади.

Арвайлерда, жумладан, Ар дарёси ва унинг ирмоқларида қутқарув ишлари давом этмоқда. Шунингдек, Германия ғарбидаги Шимолий Рейн —Вестфалия штати ҳамда Баден-Вюртембергда ҳам қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

Қутқарув ишларини табиий офатга қарши кураш учун жалб қилинган 1 мингдан ортиқ ўт ўчирувчилар, полициячилар ва бўлинмаларнинг бошқа ходимлари амалга оширмоқда. Ҳукумат қўшимча ёрдам, жумладан тиббий ва транспорт кўмаги, шунингдек, қўшимча равишда бундесвер кучларини жалб қилишни сўради.

Ҳозир ташриф билан Вашингтонда бўлиб турган Германия канцлери Ангела Меркель, федерал ҳукумат жабрланганларга ёрдам кўрсатишига ваъда берди. У қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Канцлернинг сўзларига кўра, фожиа кўламини аниқлашга ҳали эрта, бу яқин кунларда маълум бўлади. Рейнланд-Пфальц бош вазири Малу Драер эса табиий офат оқибатидаги зарарни мисли кўрилмаган деб атаган.

Бир неча кундан бери Германияда кучли ёмғир ёғмоқда. 15 июль оқшомига қадар Шимолий Рейн-Вестфалия ва Рейнланд-Пфальцда камида 59 киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди.

Баъзи шаҳарларда ҳукумат Рейн дарёсига яқин уйларда яшовчи аҳолини эвакуация қилишни ташкил қилди. Кўплаб иншоотлар сув остида қолган, юз минглаб одамлар электрдан маҳрум бўлган.

Аввалроқ Россия жанубида кучли ёмғир туфайли уйлар сув остида қолгани, Қримдаги Керч ва Ялта шаҳарларида сув тошқини туфайли 1,7 мингдан ортиқ одам эвакуация қилингани ҳақида хабар берилганди.