Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Қурбон ҳайитини нишонлаш ва уни ўтказиш ҳақида қарор имзолади.

Фото: «Дарё»/ Мадина Нурман

Қарорга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2021 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 20 июль – сешанбага тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатда 2021 йил 20 июль куни Қурбон ҳайити байрами этиб белгиланди.

Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 декабрдаги «2021 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги ПФ–6122-сон фармонига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ПФ–6222-сон фармони билан 2021 йил 21–22 июль кунлари ҳам дам олиш кунлари сифатида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинди.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Қурбон ҳайитини карантин талабларига амал қилган ҳолда халқнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда оила даврасида ўтказиш афзаллиги ҳақида кенг тушунтириш ишларини амалга оширилиши белгиланди.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни ёритиш тавсия этилди.

Аввалроқ Қурбон ҳайити намози масжидларда очиқ ҳавода ўқилиши ҳақида хабар берилганди.