Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб Дадахон Нурий вафот этди. Бу ҳақда уюшма матбуот хизмати хабар берди.
Дадахон Нурий 1943 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг Шарқ факультетини тамомлаган.
Дастлабки лирик қиссаси — «Оқшом қўшиқлари» (1963). Шундан сўнг ёзувчининг «Бегона» (1968), «Боғларда баҳор», «Машина Кашмирга боради» (1970—71), «Осмон устуни» (1976), «Шаҳар тегирмони» (1990), «Бегона» (1991) каби китоблари нашр этилган.
Эссе, саёҳатнома жанрида ҳам асарлар ёзган («Даричам рўпарасидаги Покистон» – 1996 йил; «Олтин девор тирқишидан»–1998; «Азим чинорлар паноҳида» – 2005; «Рам соҳибдан ҳаммага салом» – 2007). Айниқса, ёзувчининг «Бойсун жунглиларидан Канди ўрмонларигача», «Тўқилмаган саргузаштлар» китоби кўпчиликда катта қизиқиш уйғотган.
Дадахон Нурий сўнгги йилларда «Ниқобсиз Америка ва бошқа манзилгоҳлар» (2010), «Олисдаги дала боғ», «Изтироб» (2017), «Виждон ҳайқириқлари» (2018) каби китобларни ёзди.
Асарлари ҳинд, урду, инглиз, қозоқ, корейс, турк ва рус тилларига таржима қилинган.
Бундан аввал профессор Темуржон Отақўзиев 85 ёшида, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фарида Усмонова 100 ёшида ҳамда «Ўзбекистон овози» газетаси бош муҳаррири, депутат Сафар Остонов вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)