Британиялик миллиардер, Virgin Galactic компанияси асосчиси Ричард Брэнсон 11 июль куни VCC Unity суборбитал ракетопланида коинотга муваффақиятли парвозни амалга ошириб, космик туризм даврини бошлаб берди, деб ёзади «Gazeta.uz». Парвоз тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

Unity 22 (кема синов парвозининг тартиб рақами) миссиясида 70 ёшли тадбиркор билан биргаликда икки учувчи — Дэйв Маккей ва Майкл Масуччи, шунингдек, Virgin Galactic бош астронавт инструктори Бет Мозес, катта операция муҳандиси Колин Беннетт ва ҳукумат билан алоқалар бўйича вице-президент Сириша Бандла қатнашди.

Фото: Virgin Galactic

Ричард Брээнсоннинг онаси Ева (январь ойида 96 ёшида коронавирусдан вафот этганди) шарафига номланган Virgin Mothership Eve элтувчи самолёти маҳаллий вақт билан 11 июль куни эрталаб АҚШнинг Нью-Мексико штатидаги «Америка» космопортидан учиб кетди. 45 дақиқа давом этган парвоздан кейин самолёт 15 км баландликка кўтарилгач, VCC Unity ундан ажралиб чиқди ва 60 сония ичида 88 км баландликка кўтарилишга муваффақ бўлди.

Кема ажралиб чиқаётган лаҳза

Видеодан кадр

Кема йўловчилари вазнсизлик ҳолатида бўлган бир неча дақиқа ўтганидан кейин кема планер режимида пастлай бошлади. Қўниш бир неча дақиқа вақт олди, бутун парвозга — учиб кетишдан қўнишгача — бир дақиқа кам бир соат сарфланди.

Фото: Virgin Galactic

Бу тўлиқ таркибдаги экипаж билан биринчи синов парвози бўлди. The Guardian ёзишича, 2022 йилда тижорий парвозларни йўлга қўйгунига қадар компания яна иккита синов парвозини амалга оширади. Virgin Galactic маълумотларига кўра, коинот чегарасига (NASA’га мувофиқ, бу денгиз сатҳидан 80 км баландлик, аммо халқаро тан олинган чегара 100 километрга тенг) учиш истагидаги одамлар сони аллақачон 600 кишига етган, уларнинг барчаси парвоз учун 250 минг доллардан тўлашга тайёр.

Кема қўнаётган лаҳза

Видеодан кадр

«Тепадан туриб Ерга қараганда нималарни ҳис қилганимни оддий сўзлар билан таърифлаб бера олмайман, бу гўзалликни таърифлаб бўлмайди», — деди Ричард Брэнсон Ерга қўнганидан кейин. «Агар қачонлардир орзу қилган бўлсангиз, уни амалга оширишнинг вақти келди. Янги космик давр ибтидосига хуш келибсиз», — деди у.

Ричард Брэнсон Virgin Galactic’га 2004 йилда асос солган. У коинотга сайёҳлик парвозларини ишга туширмоқчи бўлган бошқа бир миллиардер — Amazon интернет-гиганти ва Blue Origin аэрокосмик компанияси асосчиси Жефф Безосни тўққиз кунга ортда қолдирди.

20 июль — америкалик астронавтлар Ойга қўнган кун — Жефф Безос укаси Марк ва яна икки йўловчи (улардан бири — 82 ёшли учувчи аёл Уолли Фанк) билан кўп марталик суборбитал ракета — New Shepard’да тахминан 105 км баландликка учиши керак. Кема коинотга кўтарилган биринчи америкалик астронавт Алан Шепард шарафига номланган.

Илон Маск томонидан асос солинган SpaceX компанияси эса тўрт кишилик экипаждан таркиб топган тўлиқ оддий одамлардан иборат биринчи миссия — Inspiration4’ни Crew Dragon кўп марталик кемасида сентябрда учиришни режалаштирмоқда. Брэнсон ва Безоснинг миссияларидан фарқли равишда, бу орбитал парвоз бўлади ва уч кун давом этади.