Наманганда бўлиб ўтган халқаро гуллар фестивалида фахрий меҳмон сифатида иштирок этган Гули Хоним Шайх кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортди. «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев Буюк Британия лорди Муҳаммад Шайхнинг турмуш ўртоғи билан суҳбатда бўлиб, унинг бугунги кундаги фаолияти билан қизиқди.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

«Ҳам ўқиб, ҳам ўқитяпман»

Аёллар етакчилигини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ассоциация очдик. Бу лойиҳа доирасида Европа тизимида аёлларни ўқитяпмиз. Халқаро сиёсатчилар, лидерлар, бизнесменларни таклиф этиб, аёлларга онлайн дарс ўтяпмиз. Гендер тенглиги, психология, оила, етакчилик, бизнес менежмент, тайм менежмент, яъни вақтдан унумли фойдаланиш каби 13 та мавзуни қамраб олганмиз. Ўқувчиларим орасида нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари аёллари ҳам бор.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Дарсларимиз ўзбек тилида, лекин спикерлар чет эллик, инглиз тилига таржима қиламиз. Улар орасида лорднинг ўзлари, Британиядаги музейларнинг раиси, таниқли сиёсатчи Дейм Арчер, Европа парламенти аъзоси Афзалхон, Саудия Арабистони фуқароси илк ҳамшира аёл ва бошқаларни кўриш мумкин. Ҳар бир спикернинг ўз мавзуси ва йўналиши бор.

Нодавлат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтганмиз. Бепул мактаб, сертификат берамиз. Лекин «бепул нарсанинг қадри бўлмайди» деганлари ҳам тўғри экан. Баъзи аёлларимизнинг бу мавзуларга ҳафсаласизлик билан қараши, дарсларга исталган пайт кириб, исталган пайт чиқиб кетишини кузатиб, шундай хаёлларга бораман.

Фото: Гули Хоним Шайх архивидан

Ҳозир ўзим ҳам Оксфордда етакчилик ва гендер тенглиги бўйича ўқияпман. Ўзбекистонга таклиф қилишди, вилоятларда юриб, аёллар билан учрашиб, бевосита мулоқотга киришяпмиз. Аёллар, ёшлар, «темир дафтар»дагилар билан кўришиб, мотивация беряпмиз, хайрия қиляпмиз.

Қарс икки қўлдан чиқади

Британияда аёлларга ҳурмат ва эътибор кучли. Бу ерда ҳам ҳимоя ордери берилади, асосийси, қонун устуворлиги бор. Ички ишлар жуда қаттиқ назорат қилади.

Фото: Гули Хоним Шайх архивидан

Ҳар хил тоифадаги эркаклар бор. Аёлини ҳурмат қиладиган яхши эркаклар ҳам кўп. Шунинг учун фақат эркакларни айблаш нотўғри. «Қарс икки қўлдан чиқади» деган гап бекорга айтилмаган. Лекин нима бўлганда ҳам зўравонликка, тайзиққа йўл қўймаслик керак. Бу борада ички ишлар ходимларининг назорати ва кўмаги зарур.

Фото: Гули Хоним Шайх архивидан

Ўзбекистонни кезиб, турли минтақаларда юриб, аёлларга муносабатда билинар-билинмас фарқларни сездим. Масалан, Қорақалпоғистонда гендер тенглигига риоя этиш ва аёлларга ҳурмат юқоридек туюлди.

«Биринчи хонимга ҳурматим чексиз»

Биринчи хонимга ҳурматим чексиз. Кўп кузатаман қилаётган ишларини. Хайрия ишларини қўллаб-қувватлайман, чунки ўзим ҳам шу билан машғулман.

Фото: Гули Хоним Шайх архивидан

Ўзбекистондаги лидер аёллардан Танзила Норбоевани ҳурмат қиламан. Сенат раиси бўлганларининг ўзи катта гап. Уч марта кўришганман. Яна Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфовнани ҳам.

Вилоятларда ўз ишини биладиган, обрўли, ортидан эргаштира олдиган етакчиларни кўряпман. Масалан, Самарқандда Сайёра Арзиевна, Бухорода Дилфуза Мустафаева, Қорақалпоғистонда Марям опа, Наманганда Ирода опа Қўчқорова. Улар ҳақиқий лидер аёллар.

Фото: Гули Хоним Шайх архивидан

Етакчиликнинг ҳам ўз услублари бор. Мен санаб ўтган аёллар етакчи сифатида мени қониқтиради.

Шляпалар ҳақида

Фото: Гули Хоним Шайх архивидан

Лордга турмушга чиққандан кейин уларнинг хонимлари ўз услубига эга бўлишлари табиий. Масалан, қиролича ҳар йили бизни таклиф этади, шляпаларда ёки ўзингиз ёқтирган бошқа бош кийимда келиш анъанага кирган. Ундан ташқари, турли қабулларда иштирок этаман. Қолаверса, бу менинг услубим. Коко Шанел ҳақида ўқиганимдан кейин шу фикр келган. Шляпаларим сони 30 га яқин бўлса керак, ўзимнинг стилист ва дизайнерларим бор.

«Орзуга айб йўқ, балки сиёсатчи бўлиб кетарман»

Орзуга айб йўқ, келгусида сиёсатчи бўлиб кетарман балки. Британияда ёки Ўзбекистонда. Агар шундай бўлса, аёлларни ҳимоя этиш йўлида хизмат қиламан. Ўзим Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзосиман. Нимага? Чунки Президент ислоҳотларини қўллаб-қувватлайман, йўналишим шунга мос. У кишининг етакчилик маҳоратига тан бераман. Кўп давлатларда бўлганман, етакчилар билан мулоқот қилганман, солиштириш имконияти бор.

Фото: «Дарё» / Жаҳонгир Акрамов

Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Маргарет Тетчерга ихлосим баланд. Вақтдан унумли фойдаланиш, режа асосида ишлаш ҳақидаги ўгитларини кўп ўқийман. Оддий оила, зиёли хонадондан чиққан аёл. Дунёдаги энг қудратли давлатлардан бирини кўп йиллар давомида бошқарди.

Фото: Гули Хоним Шайх архивидан

У кишининг таъбири билан айтганда, аёл уйдаги ишларни моҳирона бажаряптими, оилани бошқаряптими, демак, давлат ва сиёсатни ҳам уддалайди.