Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни янада ривожлантириш ҳамда ҳудудларда энотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, жаҳон бозорида хўраки узум савдоси мевалар ичида учинчи ўринда бўлиб, ҳар йили унга бўлган талаб ўртача 350 миллион долларга ўсмоқда.
«Бизнинг эса хўраки узум бўйича экспорт салоҳиятимиз камида 600 миллион доллар (жорий йилда 200 миллион доллар), майиз 500 миллион доллар (бу йил 130 миллион доллар) ва табиий вино 100 миллион доллар (шу йил 50 миллион доллар)га тенг. Бу биз учун жуда катта имкониятдир.
Узумчилик бу – халқимизнинг асрлар давомидаги миллий деҳқончилик маданияти, қадрияти, ғурури ва даромад манбаи ҳисобланади, қолаверса, халқимизнинг турмуш тарзи ва урф-одатларимиз билан бевосита боғланиб кетган. Халқимизнинг ҳусайни, тоифи, ризамат ота, келинбармоқ ва кишмиш каби узумларининг довруғи узоқ-узоқларгача танилган», деди давлат раҳбари.
Йиғилишда қайд этилишича, Европада 800 миллион, Хитой 600 миллион, Россия 300 миллион, Ҳиндистонда 250 миллион долларлик узумчилик экспорт бозори мавжуд.
«Ўзбекистонда 1 гектар хўраки узум етиштириш учун ўртача 100 миллион сўм харажат қилиб, 4 йилдан кейин йилига 250 миллион сўм соф фойда топиш мумкин. Бундан ташқари, узум данагидан олинадиган бир килограмм ёғнинг жаҳон бозоридаги нархи 10-15 доллар бўлиб, бизда бир йилда 1,5 минг тонна ёғ ишлаб чиқариш имконияти бор.
Сўнгги тўрт йилда 52 минг гектар янги токзорлар ташкил этилиб, соҳага 210 миллиард сўм субсидиялар ажратилди. Натижада ўтган давр мобайнида мева-сабзавотлар экспортида узумнинг улуши 2 бараварга кўпайди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 90 минг гектар майдонда узум етиштирилиб, соҳа 900 минг аҳолининг доимий ва мавсумий бандлигини таъминламоқда. Самарқанд (30 минг гектар), Тошкент вилояти (13 минг гектар), Сурхондарё (9 минг гектар), Жиззах (7,5 минг гектар), Қашқадарё (6,8 минг гектар), Бухоро (6 минг гектар), Наманган ва Навоий (4,5 минг гектардан) – узумчиликда майдон жиҳатидан етакчи ҳудудлар ҳисобланади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Маълум қилинишича, айрим ҳудудларда йирик токзорлар майдони сўнгги тўрт йилда 7 минг гектарга камайган. Мисол учун, Қашқадарёда 2,5 минг гектар, Наманган – 2,4 минг, Сурхондарё – 1,2 минг, Андижонда – 645 гектар майдон камайиб кетган. Аксинча, Жиззах, Қорақалпоғистон ва Фарғонада эса токзорлар майдони кўпайган.
«Яна бир таҳлил – 1 гектар ғалла майдонида 2 киши банд бўлиб, кўпи билан 20 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилса, узумчиликда, айниқса шпалер усулида 10 нафаргача аҳолини доимий ва мавсумий банд қилиш ҳамда 300 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, ўртача 25 минг долларлик экспорт қилиш мумкин. Бундан ташқари, узум кўчати 4-5 йиллик бўлганигача, оралиқ экин экиш орқали, яна миллионлаб сўм даромад кўриш мумкин», — деди Президент.