Тошкент шаҳрида 34 бош ноёб турдаги судралиб юрувчи ҳайвонларни хорижга олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахс аниқланди, дея хабар бермоқда Давлат божхона хизмати.
Ўзбекистоннинг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунига биноан, ёввойи ҳайвонларни ва уларнинг қисмларини мамлакатдан олиб чиқиш экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органлари берадиган рухсатномалар асосида амалга оширилади. Ғайриқонуний равишда олиб чиқишга уриниш чоғида ушлаб қолинган ёввойи ҳайвонлар ва уларнинг қисмлари белгиланадиган тартибда олиб қўйилади.
«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплексининг Тошкент халқаро аэропорти чегара божхона пости ходимлари йўқ бўлиб кетаётган камёб турлар сирасига кирувчи судралиб юрувчи ҳайвонларни ҳаво йўллари орқали яширинча олиб чиқилишига чек қўйишди.
Тошкент—Москва рейси бўйича парвозга шайланган фуқаролардан бири божхонадан яшил йўлак орқали ҳаракатланар экан, унинг безовталаниши божхоначиларнинг диққатини тортди. Унга тегишли багажлар белгиланган тартибда кўздан кечирилганида эса шубҳалар ўз тасдиғини топди.
Ушбу шахс божхона ходимларининг оғзаки сўровида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилмасдан туриб, тақир тўгаракбош, гекконча, калтакесак каби 35 бош ноёб жонзотларни тирик ҳолатда тамаки қутилари ичига жойлаганча олиб чиқаётган вақтида тўхтатиб қолинди.
Бундан ташқари, шу каби жонзотларнинг 14 таси спиртда қотирилган ҳолатда, шунингдек, 16 дона калтакесак думи, 1 дона ондатра думи ва 2 бош ўлик ҳолатдаги чипор илон ҳам олиб чиқиб кетилаётгани маълум бўлди.
Мазкур судралиб юрувчи ҳайвонлар, асосан, Фарғона водийсида табиатдан ажратиб олинган, лекин йўловчи уларни Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни божхона ходимларига тақдим қила олмаган.
Ушбу жонзотлар Ўзбекистон экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига топширилди. Ҳолат юзасидан эса божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Мавзуга доир: