Россиянинг Камчатка ўлкасида Ан-26 йўловчи самолётининг ҳалокатидан кейин уч кунлик мотам эълон қилинди. Тегишли фармон губернатор Владимир Солодов томонидан имзоланди, деб ёзади «РБК».
«7 июлдан 9 июлгача бутун ҳудуд бўйлаб Россия Федерацияси ва Камчатка ўлкасининг байроқлари туширилиши керак. Телерадиокомпаниялар ва маданият муассасаларига кўнгилочар кўрсатувлар ва тадбирларни бекор қилиш таклиф этилди», — деди губернатор.
Ҳалок бўлганларнинг оилаларига суғурта тўловлари тақдим этилади: самолётга эгалик қилган «Камчатка авиакорхоналари» томонидан 1 миллион рублдан (тахминан 13,4 минг доллар), ўлка бюджетидан эса 500 минг рублдан (тахминан 6,7 минг доллар) ажратилади. Шунингдек, «Камчатка авиакорхоналари» қурбонларнинг қариндошларини Палана қишлоғига етказиб қўяди ва уларга вақтинчалик бошпана беради.
Ан-26 самолёти Петропавловск-Камчатка шаҳридан Палана қишлоғига учаётган эди. Қўнишга бир неча дақиқа қолганида экипаж билан алоқа йўқолиб қолган. Самолёт бортида 22 йўловчи, шу жумладан, олти ёшли бола, Палана маъмурияти мансабдорлари ҳамда олти нафар экипаж аъзоси бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг барчаси ҳалок бўлган.
Қутқарувчилар самолёт қулаб тушиши оқибатида ҳалок бўлган олти кишининг жасадини топишга муваффақ бўлди, улар сувдан чиқариб олинди.
Самолётнинг бўлаклари Палана аэропортининг учиш-қўниш йўлагидан 4-5 км узоқликда топилди. Ан-26 кўриниш даражаси паст бўлгани сабабли қўниш учун иккинчи марта уриниш чоғида ҳалок бўлган бўлиши мумкин.
«ТАСС» хабар беришича, Ан-26 самолёти 1982 йилдан бери ишлаб келади ва унинг учишга яроқлилиги тўғрисидаги сертификат муддати 2021 йил 30 августда тугайди.
Тергов қўмитаси томонидан ҳаракат хавфсизлиги ва ҳаво транспорти эксплуатацияси қоидаларини бузиш бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳодисанинг учта талқинини кўриб чиқмоқда, булар — ноқулай об-ҳаво, самолётнинг техник носозлиги ва бошқарувдаги хатолик.