Google компанияси амалдаги APK андроид дастури форматини янги — AAB’га ўзгартиришини эълон қилди. Android App bundle расман 2018 йилдан тақдим этилган эди. Бу ҳақда компания блогига таяниб «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: Pixabay

2021 йилнинг августидан бошлаб Play Market рақамли дўконига юкланадиган барча дастурлар AAB форматида бўлади. Бу дастурларни турли гаджетлар учун оптималлаштириш имконини беради.

Дастурчиларнинг таъкидлашича, AAB форматидаги исталган дастурни фойдаланувчи қурилмасига юклаш вақтида айнан ушбу гаджет моделига мўлжалланган файл юкланади. Шу орқали дастур олдингидан кўра 15 фоиз камроқ жой эгаллайди.

Шунингдек, Google’дагиларнинг маълум қилишича, ҳозирда бир миллиондан ортиқ дастурларда янги ААБ форматидан фойдаланилган. Жумладан, улар орасида Twitter, Netflix, Gameloft, Adobe ва Duolingo ҳам бор.

Бундан ташқари, августдан бошлаб катта ОBB файллар кенгайтмалари Play Asset ёки Feature Delivery’га алмаштирилади.

Аввалроқ Google компанияси Ўзбекистонда Android’лар учун сейсмографни ишга туширмоқчилиги тўғрисида хабар берилганди.