Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган 1 ва 2-юқумли касалликлар шифохонасига бўлаётган мурожаатлар сўнгги кунларда икки баробарга ошди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали томонидан тайёрланган лавҳада маълум қилинди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Эфирга узатилган лавҳада муассасадаги беморларнинг кўпчилиги соҳа мутахассисларининг огоҳлантиришларига қарамай, карантин талабларига риоя қилмагани, ўзи ва яқинлари саломатлигига эътиборсиз бўлгани, касалликка қарши эмланишдан бош тортгани, натижада аксарияти оғир ҳаволга тушиб қолганини кўриш мумкин.

«Реанимация бўлимида 36 та ўрин мавжуд бўлиб, ҳозирда уларнинг 34 таси банд. Бу оғир ва ўта оғир касаллар кўпайганидан дадолат беради. Ҳозирги кунда иккита бўш ўрнини ўта оғир беморлар учун захирада ушлаб турибмиз», — дейди Зангиотадаги 2-юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлими мудири Аҳтам Қорёғдиев.

Таъкидланишича, жонлантириш бўлимида ётганларнинг аксариятини коронавирусга қарши эмланмаган фуқаролар ташкил этмоқда.

2-Зангиота ихтисослаштирилган юқимли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимовнинг сўзларига кўра, охирги уч-тўрт кун ичида мурожаатлар сони икки баробарга ошган. Улар орасида шифохонага ётқизилаётганлар 1,5 бараварга, касалларнинг 13 фоизи оғир ҳолатда олиб келиниб, реанимацияга ётқизилмоқда. Беморларнинг аксариятининг ёши 65 дан ўтган ва сурункали касаллиги бор фуқаролар ташкил этмоқда.

«Кўп касалларда вакцинация қилишга имконияти бўлган, лекин улар ҳар хил сабабларга кўра эмланишни рад этган… Эпидемиологик режимни ҳеч ким сақламаяпти, оммавий тадбирлар, тўй, юбилейлар кўпайган. Буларнинг ҳаммаси, албатта, коронавирус кўпайишига сабаб бўлади», — дейди Миразимов.

Эслатиб ўтамиз, май бошларида Зангиота туманидаги 2-сон юқумли касалликлар шифохонасидаги иккинчи реанимация бўлими бошлиғи Бегали Ҳакимов «Дарё»га берган интервьюсида реанимация шароитида ҳаммани сақлаб қолишнинг имкони йўқлигини айтганди. «Бироқ тўғрисини айтиш керак, реанимация шароитида ҳаммани тирик сақлаб қолиб бўлмайди. Ўта оғир аҳволда келган беморларимизнинг ҳар тўрттасидан бирини сақлаб қололганимиз ҳам катта гап», — дея таъкидлаганди шифокор.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 20 июнь куни яна 427 кишида коронавирус тасдиқланиб, мамлакатда ушбу вирусга чалингани расман тан олинганлар сони 106 452 нафарга етган.