Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ўзбекистонда камбағаллик чегарасини белгилаш учун фойдаланилиши кутилаётган минимал истеъмол харажатлари миқдори дастлабки ҳисоб-китобларга кўра бир киши учун ойига 440 минг сўмни ташкил этди. Ушбу миқдор қандай ҳисоблаб чиқилган, миллий камбағаллик чегарасининг ўзига хослиги ва ушбу кўрсаткични жорий этишнинг аҳамияти нимада? «Gazeta.uz» ушбу саволларга жавобларни бир саҳифага жамлади.

Фото: «Дарё» / Дилшод Шарипов

Фото: «Дарё» / Дилшод Шарипов

Камбағаллик қандай белгиланади?

Камбағаллик чегарасини белгилаш учун ихтиёрдаги даромад (маош, фойда, қишлоқ хўжалигидан келадиган даромад, давлат трансфертлари, пенсиялар ва бошқалар) ёки истеъмол (озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар) даражаси олинади — даромад ё истеъмол даражаси белгиланган кўрсаткичдан паст бўлса, киши камбағал дея ҳисобланади.

Ўзбекистон шароитида истеъмол даражасини танлаш мақсадга мувофиқроқ кўринади, чунки кўпчилик меҳнат фаолиятини ҳали ҳам норасмий сектор ва қишлоқ хўжалигида олиб боради.

Жаҳон банки иқтисодчиси Уильям Зейц аксарият мамлакатлар миллий миқёсда «камбағаллик» тушунчасига нисбатан ўз таърифини қўллашини таъкидлаб ўтган эди. Мазкур атама маъноси турли жамиятларда бир-биридан фарқ қилгани боис ҳам ҳукуматлар шундай йўл тутади. Бошқа томондан, бундай йўл тутиш мамлакатлар ўртасидаги моддий шарт-шароитлар бир хил эмаслиги билан ҳам боғлиқ. Инсоннинг базавий эҳтиёжларини қондириш харажатлари кўплаб, масалан, аҳоли овқатланиш таркибининг ўзига хосликлари, алоҳида олинган мамлакатларнинг ижтимоий нормалари ва иқтисодий тузилиши каби омилларга боғлиқ.

Уильям Зейцнинг қайд этишича, Жаҳон банки томонидан қўлланиладиган халқаро камбағаллик чегараси кўрсаткичи (2011 йилги Харид қобилияти паритети (ХҚП) бўйича бир киши учун кунига 1,9 доллар) ҳар бир мамлакат томонидан мустақил белгиланадиган миллий камбағаллик чегарасининг айнан ўзи эмас.

Унинг сўзларига кўра, халқаро камбағаллик чегараси кўрсаткичи мамлакатлар ўртасида солиштиришлар олиб бориш учун ўрнатилган. Бунинг учун Жаҳон банки дунёдаги даромади энг паст мамлакатларни танлаб олади ва улардаги камбағаллик чегарасини ўрганади.

«Ушбу кўрсаткич зинҳор-базинҳор мамлакатга ундаги камбағаллик чегараси қандай бўлиши лозимлиги ҳақида кўрсатма ўлароқ белгиланмайди. Энг камбағал мамлакатларни танлаб олганингизда, улардаги камбағаллик чегараси жуда паст даражада белгиланади. Жаҳон банки энг камбағал мамлакатлар орасидаги ўртача кўрсаткични олади. Ўзбекистон учун бу чегара жуда паст, чунки Ўзбекистон камбағал мамлакат эмас. Бу чегара Ўзбекистон учун энди долзарб эмас», — дейди у.

Мамлакатдаги фаровонлик ўсиб боргани сайин одатда ушбу кўрсаткич ҳам пул эквивалентида ошиб боради. Мамлакатлар бойроқ бўлгани сари уларнинг мақсадлари ҳам катталашади ва камбағалликни қисқартириш бўйича янада юқорироқ стандартларни ўрната бошлайди.

Жаҳон банки «халқаро камбағаллик даражаси кўрсаткичи» тушунчасини тўлдирувчи даромадлар бўйича камбағаллик таснифини ҳам жорий этган. Бунда ҳам асосий ёндашув аввалгидек — фуқароларнинг даромад даражаси тўрт гуруҳдан бирига мансуб (паст даромадли (киши бошига йилига 1035 доллар ёки ундан кам), ўртадан паст даромадли (киши бошига йилига 1036—4045 доллар), ўртадан юқори даромадли (киши бошига йилига 4046—12 535 доллар) ва юқори даромадли (киши бошига йилига 12 536 доллар ёки ундан кўп)) мамлакатларнинг миллий камбағаллик чегараси кўрсаткичига асосланган.

Шундай қилиб, Ўзбекистон камбағаллик кўрсаткичи бир киши учун кунига 3,2 доллар этиб белгиланган ўртадан паст даромадли мамлакатлар қаторига киради. Бу миқдор шунчаки Марказий банк курси бўйича конвертация қилинмайди, балки ХҚПдан келиб чиқиб қайта ҳисобланади.

Харид қобилияти паритетини қайта ҳисоблаш коэффициенти — бу АҚШ долларига Қўшма Штатларда сотиб олиш мумкин бўлган товар ва хизматларни маҳаллий бозорда ҳам худди ўшанча миқдорда ва худди ўша кўринишда харид учун зарур бўлган валюта бирликлари сонидир. ХҚП асосидаги қайта ҳисоблаш коэффициенти бўйича Ўзбекистондаги турмуш қиймати жаҳоннинг бошқа мамлакатлари билан таққослаганда анча паст. Бошқача айтганда, мамлакатдаги аксарият товар ва хизматлар нисбатан арзон.

Миллий камбағаллик чегараси

Ўзбекистонда камбағаллик чегарасини ҳисоблаш учун инсоннинг кундалик озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, хизматларга бўлган эҳтиёжларини инобатга олувчи минимал истеъмол харажатлари (МИХ)дан фойдаланишга қарор қилинди.

Жаҳон банки иқтисодчиси Уильям Зейцнинг фикрича, МИХ методининг кўплаб устун жиҳатлари бор. Кўрсаткич фактларга асосланган ҳамда Ўзбекистондаги одамлар ва уй хўжаликларининг ҳақиқий турмуш шароитларини инобатга олган, деди у. Унинг сўзларига кўра, мазкур ёндашув камбағаллик чегарасини белгилаш бўйича халқаро стандартлар, методлар ва нормаларга мос келади, шу билан бирга унинг натижалари Ўзбекистоннинг ўзига хосликларини ҳам ҳисобга олади.

Кўрсаткич қуйидаги мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб ҳисобланган:

  • давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш учун мўлжал кўрсаткични жорий этиш;
  • минимал истеъмол харажатларидан камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
  • камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзилилигини ошириш, шунингдек уларнинг доимий мониторингини юритиш.
Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш учун тажриба сифатида Жаҳон банки кўмагида 2020 йилда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 5 400 та уй хўжаликларида сўровнома ўтказилган. Бунда сўровномада иштирок этган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, ушбу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинган.

Сўровнома натижасида олинган маълумотлар асосида мазкур оилаларда жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар бир ойда киши бошига (2021 йилдаги нархлар ўзгаришини инобатга олган ҳолда) камида 440 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинган.

Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш тажрибасини якунига етказиш мақсадида 2021 йилда Давлат статистика қўмитаси Жаҳон банки билан бирга 10 мингта уй хўжаликларида сўровнома ўтказилмоқда. Мазкур сўровномалар натижасидан келиб чиқиб, йил якунига қадар минимал истеъмол харажатларни ҳисоблаш методологиясини тасдиқлаш ва уни қайта ҳисобланган миқдорини эълон қилиш кўзда тутилмоқда.

Миллий камбағаллик чегараси қандай ҳисоблаб чиқилган?

Миллий камбағаллик чегарасини ҳисоблаб чиқишда кўрсаткич жуда юқори ёки паст бўлиб қолмаслиги муҳим аҳамиятга эга. Агар кўрсаткич юқори даражада белгиланса, бу, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги вакилларининг фикрича, қуйидаги оқибатларга олиб келиши мумкин:
  • молиявий ва иқтисодий имкониятларнинг чекланиши. Яширин иқтисодиёт улуши катталигича қолаверади — ҳозирда иқтисодиёт тармоқларида банд 11 миллион кишининг бор-йўғи 5 миллионга яқини даромад солиғи тўламоқда;
  • аҳолининг иқтисодий фаоллигига салбий таъсир (боқимандалик кайфиятининг рағбатлантирилиши);
  • макроиқтисодий мувозанатнинг бузилиши (макроиқтисодий барқарорликка инфляция канали орқали бўладиган салбий таъсир);
  • яширин иқтисодиёт ва норасмий бандликни рағбатлантириш;
  • ижтимоий тўловларнинг давлат бюджетига босими юқори даражада ошиши.
Агар кўрсаткич паст даражада ўрнатилса, у ҳолда давлат унинг моддий ва бошқа ижтимоий ёрдамига муҳтож мақсадли (таргет) аҳоли гуруҳларини аниқлай олмай қолади. Шу боис кўрсаткич давлат олиб бораётган ижтимоий сиёсатнинг объектив индикатори вазифасини ўтай олмайди.

Уильям Зейц ҳам камбағаллик чегарасини тўғри даражада белгилаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидламоқда.

«‘Тўғри даражаънинг белгиланиши унинг қандай ишлатилиши билан чамбарчас боғлиқдир. Камбағаллик чегарасини аниқлашдан кўзланган мақсад — давлатнинг эътиборини ёрдамга энг муҳтож одамларга қаратишдир», — деди у.

Дейлик, агар камбағаллик чегараси жуда паст белгиланса, аҳолининг энг эҳтиёжманд қатламлари бошдан кечираётган жиддий йўқчиликларга қарши курашиш учун етарлича чоралар кўрилмаслиги хавфи мавжуд. Айни вақтда, Жаҳон банки иқтисодчисининг қайд этишича, камбағаллик чегараси «ўрта синф» деб аталувчи қатламнинг турмуш тарзи ёки фаровон ҳаёт даражасини белгилаш учун, қоида тариқасида, қўлланилмайди.

«Агар мабодо шу тарзда қўлланилгудек бўлса, бу жамиятнинг бошқа аъзоларидан кўра кўпроқ даражада ёрдамга муҳтож одамларни эътибор ва ресурслардан маҳрум қилиши мумкин. Шу сабабли ҳам камбағаллик чегарасини белгилаш устида иш олиб борган Ўзбекистон ҳукумати жамоаси сўров натижаларини жаҳоннинг бошқа мамлакатларида қабул қилинган амалиёт билан жуда эҳтиёткорона таққослаб чиқди», — деди мутахассис.

Инфографика: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартиш вазирлиги

Инфографика: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартиш вазирлиги

Унинг қайд этишича, эълон қилинган камбағаллик чегараси (бир киши учун ойига камида 440 минг сўм) даромади Ўзбекистонники каби бўлган бошқа давлатларникига нисбатан бирмунча юқори.

«Бу — эълон қилинган чегара юқорида номи зикр этилган мамлакатлар гуруҳига нисбатан анча баланд эканини ва Ўзбекистон ҳукумати ўз олдига етарли даражада катта мақсадларни қўяётганини англатади. Айни дамда, камбағаллик чегараси турғун бўлмай, ўзгарувчан шароитларга мос бўлиши ҳам муҳим. Бу дегани, камбағаллик чегараси мамлакатдаги нархлар ва яшаш харажатлари билан бирга ўсиши лозим», — дея қайд этди Уильям Зейц.

Унинг фикрича, ушбу ҳолатда асосий эътиборни аҳолининг камбағал қатламлари ўз бюджетини сарфлайдиган энг муҳим товарларга, хусусан, озиқ-овқат ва бирламчи эҳтиёж маҳсулотларига қаратмоқ жоиз.

Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш формуласи

Инфографика: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартиш вазирлиги

Инфографика: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартиш вазирлиги

Биринчи босқичда Жаҳон банки кўмагида 5400 та уй хўжаликлари ўртасида сўров ўтказилган (2021 йил охиригача мазкур кўрсаткични 10 мингтага етказиш кўзда тутилган).

Иккинчи босқичда уй хўжаликлари истеъмол харажатлари миқдори бўйича 10 фоизлик ўнта гуруҳ (дециллар)га ажратилган. Биринчи (энг паст) гуруҳда харажатлар миқдори киши бошига 217,7 минг сўмни ташкил этган бўлса, 10-гуруҳда бу миқдор 1,7 миллион сўмга етган.

Инфографика: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартиш вазирлиги

Инфографика: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартиш вазирлиги

Учинчи босқичда дастлабки учта децил минимал харажатларни ҳисоблаш учун референт гуруҳ сифатида ажратиб олинган.

Инфографика: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартиш вазирлиги

Инфографика: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартиш вазирлиги

Тўртинчи босқичда бир киши истеъмол қиладиган 1 килокалория нархи аниқланган.

Бешинчи босқичда минимал озиқ-овқат харажатлари қиймати 1 килокалория нархини 2200 га (жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат қуввати) кўпайтириш орқали аниқланган.

Инфографика: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартиш вазирлиги

Инфографика: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартиш вазирлиги

Олтинчи босқичда референт гуруҳдаги ҳар бир уй хўжалигининг Энгел коэффициенти — яъни озиқ-овқат маҳсулоти истеъмолини умумий харажатлардаги улуши аниқланган.

Еттинчи босқичда минимал озиқ-овқат харажатларининг Энгел коэффициентига нисбати орқали минимал истеъмол харажатлари қиймати аниқланган.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири биринчи ўринбосари Илҳом Норқуловнинг таъкидлашича, 440 минг сўмлик кўрсаткич дастлабки ҳисоб-китобларга асосланган бўлиб, айни вақтда, у бутун аҳолига эмас, балки камбағаллик шароитларида яшаётган таргет гуруҳдаги шахсларга тааллуқли.

Инфографика: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартиш вазирлиги

Инфографика: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартиш вазирлиги

«Масалан, Тошкент шаҳрида, Тошкент вилояти ёки бошқа вилоятлар марказида эмас, балки қишлоқда яшайдиган олти кишилик оилани олайлик. Демак, бу оиланинг минимал истеъмол харажатлари 2 миллион 640 минг сўмни ташкил этади. Одатда бундай оилаларда бир киши ишлайди. Ойда 3-4 марта бўладиган дам олиш кунлари ва фарзандлар билан вақт ўтказишни ҳисобга олсак, у ҳолда бу оила кунига ўртача 100 минг сўм даромад топиши керак. Аслида бу унчалик кичик сумма эмас. Агар беш кишилик (уч болали) оилани оладиган бўлсак, у ҳолда бу кўрсаткич кунига 80—90 минг сўм атрофида бўлиши керак», — деди у.

Бу нима учун муҳим?

Миллий камбағаллик чегарасини белгилашнинг концептуал асослари қуйидагилардир:
  • миллий камбағаллик чегараси мамлакат ижтимоий сиёсати мақсадларига мувофиқ бўлиши ва уларга эришиш учун хизмат қилиши лозим;
  • ушбу кўрсаткични мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан келиб чиқиб доимий қайта кўриб чиқиш ва нархларнинг даврий ўзгаришини ҳисобга олиш лозим;
  • миллий камбағаллик чегарасини ҳисоблаш методи амалий жиҳатдан фойдали ва назарий жиҳатдан асосланган бўлиши лозим;
  • ушбу кўрсаткич камбағаллик ва фаровонлик даражаси кўрсаткичларига мувофиқ тарзда ишлаб чиқилиши лозим.
Жаҳон банки иқтисодчиси Уильям Зейцнинг қайд этишича, камбағаллик чегарасининг амалиётда қўлланилиши ҳукуматга аҳолининг шу вақтгача камбағал қатламларига киритилмаган ва шу боис ҳеч қандай ёрдам олмаган вакилларини аниқлаш ва қўллаб-қувватлашга имкон беради.

Иккинчидан, бу кўрсаткич камбағал қатламлардаги одамларнинг камбағалликдан бутунлай, бир умрга чиқиб кетиш имкониятларини кенгайтиради. Бунга эҳтиёжмандлар учун мўлжалланган ижтимоий тўлов дастурлари ҳам қисман ёрдам беради.

«Айни вақтда, халқаро тажрибани кўриб чиқадиган бўлсак, камбағалликни барқарор қисқартиришнинг яна бир муҳим омили — бу иш ўринларининг яратилиши ва ишчиларнинг иш ҳақларини оширишдир. Айниқса, ушбу имкониятларни аҳолининг муҳофазага энг муҳтож ва ҳар томонлама чекланиб қолган гуруҳлари учун мавжудлигини таъминлаш жуда муҳим», — деди Уильям Зейц.
Бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровнинг маълум қилишича, «минимал истеъмол харажатларининг тўғрилиги ҳақида узоқ баҳслашиш мумкин, бироқ мазкур кўрсаткичнинг жорий этилаётгани олдинга ташланган биринчи, тарихий қадамдир». Йил охиригача сўров ўтказилган уй хўжаликлари сонини 10 мингтага етказиш режалаштирилган, бу эса минимал истеъмол харажатлари миқдорини янада аниқроқ белгилаш имконини беради. Кўрсаткич 25 фоиз атрофида ўзгариши кутилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, «марра (планка)нинг белгилангани жуда фойдали бўлади, давлат шу маррага интилишга ҳаракат қилади». Камбағаллик даражаси иқтисодий ўсиш ва ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига кўпайиши ҳисобига қисқариб боради.

«Мақсадимиз — ўсишга эришиш. Ўзбекистоннинг ҳозирги, нисбатан ёш ва кўпайиб бораётган аҳолиси билан ўсиш кўрсаткичлари бошқаларга нисбатан юқорироқ бўлади», — деди бош вазир ўринбосари.

Молия вазири Тимур Ишметовнинг фикрича, ушбу кўрсаткичнинг жорий этилиши аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини муҳофаза қилиш бўйича давлат мажбуриятлари ва вазифаларини бажариш нуқтаи назаридан адолатни таъминлаш имконини беради.

«Келгусида бу мамлакат иқтисодий сиёсатини белгилаб берувчи йўналишга айланиши мумкин ва айланади ҳам. Чунки иқтисодий сиёсатни, устувор йўналишларни белгилашда, табиийки, чуқур таҳлиллар, аниқ маълумотлар зарур ва энг асосийси, кўплаб амалдорлар унутиб қўядиган нарса — одамлар фаровонлигини оширишдир. Агар барча кўрсаткичларни — ишлаб чиқаришнинг ўсиши, ЯИМ, инфляция ва бошқаларни олиб кўрсак, ҳар бири алоҳида чуқур маънога эга эмас. Бу кўрсаткичлар жамлангандагина одамлар ҳаётини яхшилаш учун индикатор вазифасини ўтайди», — деди Тимур Ишметов.
Молия вазирининг қайд этишича, шунчаки иқтисодий ўсишнинг ўзи етарли эмас — иқтисодий ўсишдан келадиган самара аҳолининг барча қатламларини қамраб олиши шарт.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Ҳиндистонда миллиардер Гаутам Аданининг янги лойиҳасига қарши оммавий намойишлар авж олди
Спорт
Камерун терма жамоаси юлдузи Андре Онана мураббий билан келишмовчилик сабаб ЖЧ—2022 ни тарк этди
Маҳаллий
Инфографика: Ўзбекистон Марказий Осиёнинг қайси давлатлари билан энг кўп савдо қилаётгани маълум қилинди