Коронавирусни юқтириб олганлар сони дунё бўйича 174 008 052 кишини ташкил қилмоқда, шуларнинг 3 747 927 нафари вафот этди. Касалланганлар сони бўйича АҚШ (33,3 миллион), Ҳиндистон (29 миллион), Бразилия (17 миллион), Франция (5,7 миллион) ва Туркия (5,3 миллион) энг олдинда бормоқда.

Фото: Getty Images

Қирғизистон масжидларида жума намозларини ўқишга рухсат берилди

Қирғизистон мусулмонлари диний идораси маълум қилишича, 11 июндан Бишкек масжидларида санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда жума намозларини ўқишга рухсат берилади.

Диндорларнинг барчаси ниқоб тақиши ва ўзлари билан жойнамоз олиб келиши керак, қўл бериб ёки қучоқлашиб саломлашиш тақиқланади. Уйда таҳорат олиб келиш тавсия қилинади.

Шунингдек, масжид раҳбарияти ташриф буюрувчиларнинг барчаси 1,5 метрлик масофага риоя қилиши ҳамда масжид 50 фоиздан ортиқ тўлиб кетмаслиги устидан назорат олиб бориши керак. Бундан ташқари, масжид ҳудуди дезинфекцияланиши зарур.

8 июнь ҳолатига Қирғизистонда бир кунда 379 киши коронавирус билан касалланди. Мамлакатда касалланганлар сони ўсиши кузатилмоқда. Шунга қарамай, Бишкек мерияси 2 июндан савдо марказларидаги болалар майдончаларини очишга рухсат берди.

Вашингтон штати аҳолиси COVID-19’га қарши эмланиш эвазига марихуана олиши мумкин

Американинг Вашингтон штатида коронавирусга қарши вакцина олган ҳар бир вояга етган фуқаро чекиш учун қўлда ўралган марихуанага эга бўлиши мумкин. Бундай қарорни штатнинг Спиртли ичимликлар ва каннабис сотиш бўйича кенгаши кўп сонли аҳолини эмлаш стратегияси доирасида қабул қилди.

Акция 12 июлгача давом этади. Бу даврда Вашингтонда лицензия олган марихуана сотувчилари эмланиб бўлган 21 ёшдан ошган одамларга биттадан ўрама марихуана тарқатади. Бундан ташқари, вакцина олган вояга етган шахслар бепул пиво, вино ёки коктейлга даъвогарлик қилиши ҳам мумкин.

7 июнь ҳолатига Вашингтон штатида аҳолининг 49 фоиздан зиёди эмланган, 58 фоизи камида битта доза олган. Бутун АҚШда эса 42 фоиздан ортиқ аҳоли эмланган.

Таъкидланишича, аввалроқ Аризона штатида ва Нью-Йорк шаҳрида ҳам одамларни марихуана ёрдамида эмланишга жалб этишга уринишган.

АҚШда муддати тугаб бораётган миллионлаб доза COVID-вакциналар тўпланиб қолди

Johnson & Johnson компаниясининг аллақачон касалхоналарга келиб тушган коронавирусга қарши миллионлаб дозадаги вакциналари яқин орада ташлаб юборилади, уларни нима қилиш ҳақидаги қарор ҳалигача қабул қилингани йўқ.

Вакцинация жараёнида танаффус бўлиб қолгани сабабли дори захиралари ишлатилмай қолиб кетган: апрелда ҳукумат тромблар ҳосили бўлиши хавфи ҳақидаги хабарлар туфайли Johnson & Johnson вакцинасидан фойдаланишни тўхтатиб қўйган эди. Оқибатда миллионлаб доза вакцина талаб ва ишонч йўқлиги туфайли қолиб кетди.

Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази маълумотларига қараганда, етказиб берилган 21,4 миллионта дозанинг ярмидан сал кўпроғи ишлатилган бўлса, Moderna ва Pfizer вакциналарида бу улуш 83 фоизга тенг.

Johnson & Johnson вакциналарининг яроқлилик муддати июнда тугайди. Кўплаб мамлакатлар вакцинага жуда кучли эҳтиёж сезаётганига қарамай, ортиқча дориларни уларга етказиш йўли йўқ, чунки бунинг учун жуда кам вақт қолган. Уларни АҚШнинг ўзида ишлатишга ҳам улгуришмайди.

Johnson & Johnson вакцинаси бир марта инъекция қилишга мўлжалланган бўлиб, уни оддий совиткичда, музлатмасдан сақлаш мумкин.