«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
08:04, 08.06.2021 14451

ЕТТБ Наманган вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилашга 70 млн доллар ажратади

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Наманган вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилашга 70 миллион доллар ажратади, деб хабар бермоқда «Podrobno.uz».

Фото: «Дарё»

«Наманган сув таъминоти» ва ҳудудий сув таъминоти корхонасига 70 миллион долларгача миқдорда суверен кредит берилади. Ушбу маблағ ҳудуддаги еттита қишлоқ аҳоли пункти (Чортоқ, Чуст, Жумашўй, Қизил Равот, Поп, Тошбулоқ ва Уйғур)га хизмат кўрсатадиган сув олиш иншоотлари, тарқатиш станциялари ва тармоқлари, магистраллари ва сув тозалаш иншоотларини қуриш ва қайта тиклашга, шунингдек, Чуст ва Жўмашўй қишлоқларида тозалаш иншоотлари, канализация насос станциялари ва тармоқларини қуриш учун сарфланади.

Сув таъминотини яхшилаш ишлари Ўзбекистон ҳукуматининг 14 миллион доллар миқдоридаги ҳиссаси билан бирга молиялаштирилади.

Инвестициялар 115 мингга яқин янги фойдаланувчиларни сув таъминоти тармоқларига улаш имконини беради. Янги инфратузилма туфайли сув йўқотилиши йилига 0,6 миллион кубометрга камаяди.

Натижада Наманган вилоятининг Чуст, Наманган ва Поп туманларида яшовчи 170 мингдан ортиқ аҳоли доимий тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ЕТТБ Наманганда ичимлик суви таъминотини яхшилашга маблағ ажратиши ҳақида 2020 йилнинг ноябрида маълум бўлганди. Бугунги кунга келиб ЕТТБ Ўзбекистон иқтисодиётига 97 лойиҳа доирасида 2,4 миллиард евродан ортиқ маблағ киритган.

Бошқа янгиликлар