Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда цемент импорти кескин ошди.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг январь—апрель ойларида хориждан Ўзбекистонга қиймати 50,5 миллион долларлик 1 миллион тонна цемент импорт қилинган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 515,1 минг тоннага кўп.
Мамлакатга цемент асосан Қозоғистон (498,3 минг тонна), Қирғизистон (278,5 минг тонна) ва Тожикистон (234,7 минг тонна) давлатларидан олиб кирилган.
Импорт нима сабабдан ўсди?
Март ойида ҳукумат цемент импортига ўрнатилган 30 фоизли божхона божини бекор қилди. Имтиёз 1 октябрга қадар амалда бўлади.
Божнинг нол қийматга туширилиши қурилиш материаллари нархининг ошиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади. Яқин ойларда ўтган йилгига нисбатан қурилиш ортиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, март бошида уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов Президентдан корхоналарга цемент ва металлни ишлаб чиқарувчилардан тўғридан-тўғри сотиб олишга рухсат сўраган. У ўз таклифини 2021 йилда қурилиш ишлари ҳажми икки баробарга ошиши, қурилиш материалларига бўлган талаб эса нархнинг ошишига олиб келиши билан асослаган. Шавкат Мирзиёев таклифни яхшилаб ўрганиб чиқиш ва шаффоф тизим яратиш зарурлигини таъкидлаган.
Изоҳ (0)