Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли турмуш шароитлари билан яқиндан танишиш мақсадида 1 июнь куни Сурхондарё вилоятига жўнаб кетганди. Президент матбуот хизматининг хабар беришича, давлат раҳбари вилоятга ташрифини Шеробод туманидан бошлаб, тумандаги қуёш фотоэлектр станцияси қуриладиган майдонга борди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

2021 йилда БААнинг Masdar, Франциянинг Total Eren компаниялари томонидан Навоий ва Самарқандда ҳар бирининг қуввати 100 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилади. Шундай станциялардан бирини Шеробод туманида қуриш бўйича тендер эълон қилиниб, лойиҳани амалга оширишга 50 дан ортиқ халқаро компания қизиқиш билдирганди. Икки босқичли танловдан сўнг, БААнинг Masdar компанияси энг арзон тариф таклиф этиб, ғолиб бўлди.

Лойиҳа доирасида мазкур компания томонидан қуввати 457 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилади. Шунингдек, 220 кВт кучланишли янги нимстанция ва «Сурхон» нимстанциясига уланиш учун 52 километрлик электр узатиш тармоғи барпо этилади.

Қуёш фотоэлектр станцияси учун 601 гектар майдон ажратилган. Masdar компанияси 260 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилади. Станциянинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1,04 миллиард кВт/соатни ташкил этади. Бунинг натижасида йилига 340 миллион куб метр табиий газ тежалиб, 300 мингта хонадон электр энергияси билан таъминланади.

Хабарда айтилишича, фотоэлектр станцияси қурилишида минг киши, битганидан кейин 120 нафар мутахассис ишлайди. Ушбу йирик иншоотни 2023 йил августда ишга тушириш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда тежамкор ва экологик хавфсиз иқтисодиётни таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ҳар бир киловатт-соат электр энергиясини 1,8 сент нархида сотиб олиш имконияти пайдо бўлиб, бу республикамиз иқтисодиёти учун жуда катта ютуқ ва аҳолига енгилликдир. Умуман олганда, ушбу станциянинг барпо этилиши, унда ишлаб чиқариладиган электр энергияси ва янги инфратузилмалар вилоятнинг комплекс ривожланиши учун катта туртки бўлади», — деган Президент.

Шундан сўнг давлат раҳбари қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши муносабати билан унинг пойдеворига капсула қўйди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу маросимда сурхондарёлик нуронийлар, видеоконференция орқали Осиё тараққиёт банки вице-президенти Ашок Лаваса , БААнинг энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий иштирок этган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати томонидан Осиё тараққиёт банки кўмагида амалга оширилаётган умумий қуввати 1 ГВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш дастурининг бир қисми ҳисобланади.

Шунингдек, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қуввати 200 мегаваттдан бўлган қуёш фотоэлектр станциялари, Қорақалпоғистоннинг Беруний ва Қораўзак туманларида қуввати 100 мегаватли шамол электр станциялари, Бухоро ва Навоийда умумий қуввати бир ярим минг мегаватт бўлган 3 та шамол электр станцияларини қуриш бўйича келишувлар имзоланган.

2030 йилга бориб Ўзбекистонда қуёш электр станциялари қувватларини 5 минг, шамол электр станцияларини 3 минг ва гидроэлектр станциялар қувватини 4 минг мегаваттга етказиш мақсад қилинган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Ҳиндистонда вояга етмаган қизларга уйланишда айбланиб, 2 мингдан ортиқ эркак ҳибсга олинди
Дунё
АҚШ ҳарбийлари мамлакат осмонида учаётган Хитой шарини уриб туширди. Пекин норозилик билдирди (видео)
Дунё
“Путин менга Зеленскийни ўлдирмасликка ваъда берган” — Исроил собиқ бош вазири Беннет Россия президенти билан суҳбати ҳақида гапириб берди