Германиядаги AutoScout24 онлайн майдончасида 1952 йилда ишлаб чиқарилган қора «ГАЗ-12 ЗИМ» сотувга қўйилди. Сўнгги 40 йил давомида гаражда ҳаракатсиз турган лимузин 25 минг еврога баҳоланмоқда, деб хабар беради Motor.

Фото: AutoScout24

«ГАЗ-12 ЗИМ» 1948 йилдан 1960 йилга қадар ишлаб чиқарилган. Горкий автомобиль заводи конвейеридан жами 21,5 минг нусха лимузин чиққан бўлиб, автомобилларнинг аксарияти СССР ҳукумати вакиллари ўринбосарларининг автопаркларини тўлдирган.

Фото: AutoScout24

Сотувга қўйилган нусха сўнгги 40 йил давомида илиқ гаражда ҳаракатсиз сақланган. Сотувчининг сўзларига кўра, лимузин ўзининг заводдаги лак-бўёғини тўлиқ сақлаб қолган ва интерьери ҳам оригинал. Бироқ йиллар давомидаги ҳаракатсизлик «ГАЗ-12»нинг ташқи кўринишига таъсир кўрсатмай қолмаган. Машина экстереридаги хромланган деталларда занг пайдо бўлган, айрим туб қисмларида коррози ўчоғини учратиш мумкин.

Фото: AutoScout24

Фото: AutoScout24

Ушбу лимузин 90 от кучига эга 3,5 литрли бензин двигатель ёрдамида ҳаракатга келади. Агрегат механик узатмалар қутиси ёрдамида бошқарилади. Ҳозирга қадар 100 минг километр йўл босган «ГАЗ-12 ЗИМ» 25 минг еврога баҳоланмоқда.

Фото: AutoScout24

Аввалроқ Германияда Брежневга тегишли бўлган «Чайка» яна бир бор сотувга қўйилгани, Японияда салонида биллур қандили бор Cadillac лимузини сотилаётгани тўғрисида хабар берилганди.