Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 2021 йилнинг 16 май куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлигига ўтказилган сайлов ҳаққоний эмас деб топилган. Бу ҳақда «Дарё»га хабар берган туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълумот беришича, сайловдаги ноқонуний ҳолат ҳокимлик томонидан аниқлангач, туман сайлов комиссияси ҳокимлик ахборот хизмати маълумотини инобатга олиб, сайловни ўтказилмаган деб қарор қабул қилган.

Фото: Деҳқонобод туман ҳокимлиги

«Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96-моддасига кўра, сайлов агар унда сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ўттиз уч фоизидан ками иштирок этган бўлса, ўтмаган деб топилади. Туман сайлов комиссияси шуни ва туман ҳокимлиги тақдим этган ахборотни инобатга олиб, ўтказилган сайловни бекор қилди ва сайлов ўтказилмаган деб ҳисоблади», — дейди туман сайлов комиссияси котиби Ренат Қўзибоев.

«Жамоатчиликка шуни маълум қиламизки, ҳолат туман ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан аниқланиб, бунга ўша пайтнинг ўзида муносабат билдирилган ва ҳолатга туман сайлов комиссияси эътибори қаратилиб, сайловнинг шаффоф ва ҳаққоний ўтишини таъминлаш учун ўз вақтида чора-тадбирлар белгиланган»,дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати масъули.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 16 май, якшанба куни Халқ депутатлари Деҳқонобод туман кенгашининг бўшаб қолган 29-Бўстон сайлов округи депутатлигига сайлов бўлиб ўтгани, унда 85-мактаб ва тиббиёт коллежидаги сайлов участкасида сайловчиларга бир нечта бюллетен берилгани ва бир сайловчи 15—20 талаб овоз беришга уринган ҳолати кузатилгани ҳамда сайловчилар фуқаролик паспортларисиз овоз беришга урингани маълум қилинганди.