Сир эмаски, Ўзбекистонда рангли металлургия деганда, биринчи ўринда «Олмалиқ КМК» АЖ кўз олдимизга келади. Бу конларни очиқ ва ерости усулида қазиш, бойитиш ва олтинни саралаб олиш фабрикалари, металлургия заводлари, йирик энергетика ва транспорт тизимлари, ривожланган инфратузилма ҳамда ижтимоий объектларни бирлаштирган ноёб саноат мажмуасидир. Комбинат нафақат мамлакатимизда кучли мавқега эга, балки мис-молибден рудаларини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги 30 та энг йирик корхоналардан бири ҳисобланади. ОКМКдаги технологик ишлаб чиқариш занжиридаги сўнгги бўғин эса мис эритиш заводи ҳисобланади.
Кон-металлургия саноати ходимлари куни байрамини заводнинг меҳнат жамоаси муҳим ютуқлар ва муваффақиятлар билан нишонламоқда.
Илғор технологияларга эга, замонавий корхона
Бугунги кунда мис эритиш заводи илғор технологиялар ва хомашё таркибидаги рангли металларни ишлаб чиқарувчи замонавий корхона ҳисобланади. Унинг асосий маҳсулотлари – тозаланган мис, аффинажланган қимматбаҳо металлар, техник селен, техник теллур, сульфат кислотаси, мис купороси, перренат аммоний, молибден куюндиси, эмалланган мис симлари ва бошқалар.
МЕЗ таркибига 11 та ишлаб чиқариш цехлари киради ва корхонада 2 минг 700 дан зиёд ходим фаолият юритади. 2018 йилда бу ерда мис катоди ишлаб чиқариш ҳажми биринчи марта 117,4 минг тоннага етди. Заводнинг аҳил жамоаси металлург, кимёгар, бойитувчи, электрик, чилангар ва бошқа мутахассислардан иборат профессионаллардан ташкил топган.
«МЕЗ жамоаси ўз касб байрамини катта ютуқ ва муваффақиятлар билан кутиб олмоқда. Бу, хусусан, мамлакат ва комбинат раҳбарияти томонидан қўйилган барча вазифаларни, башорат кўрсаткичларини ортиғи билан бажариш ва режали профилактик таъмирлаш ишларини олиб боришдир. Масалан, январь- февраль ойларида СВЕ комплексини, хусусан, Ванюков печи, 4-сонли олтингугурт кислотаси цехи мажмуаси ва ҳавони тақсимлаш цехида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Залворли ишлар қилинди», – дейди Исломбек Умаралиев, «Олмалиқ КМК» АЖ МЕЗ бош муҳандиси.
Бундан ташқари, 2019—2022 йилларга мўлжалланган ОКМКнинг асосий ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва барқарорлаштириш бўйича устувор чора-тадбирларнинг тасдиқланган дастури доирасида, заводда янги биноларни қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, шунингдек, мавжуд жиҳозларни янгилаш бўйича бир қатор тадбирлар амалга оширилади. Ушбу дастур заводнинг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, 148 минг тоннадан ортиқ мис катоди ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган.
Занжирнинг бир бўғини
Ўз фаолияти давомида мис эритиш заводи доимий равишда реконструкция қилинди, кенгайтирилди, замонавий технологиялар ва янги турдаги маҳсулотларни чиқаришни ўзлаштирган янги цехлар ишга туширилди.
Заводнинг барча цехлари ўзаро боғланган. Улар худди занжирнинг бир бўғинига ўхшайди. Бироқ бошқа вазифаларни белгилаб берувчи – бу металлургия цехи ҳисобланади. У майдалаш-шихталаш, эритиш ва конвертер-анод бўлимларидан иборат. Эритиш бўлимида сульфидли мис концентратлари ва таркибида олтин бўлган флюслар қайта ишланади. Мис штейн, шлак ағдармаси ва олтингугурт кислотасини ишлаб чиқариш учун технологик газлар эритилувчи маҳсулотлар ҳисобланади.
Конвертер-анод бўлимида олтингугурт кислотаси ишлаб чиқариш учун пуфакчали мис, конвертер шлак ва технологик газларни олинган ҳолда мис штейн қайта ишланмоқда.
«Ушбу металлургия цехида 800 дан ортиқ киши ишлайди. Булар эритувчи, конвертер, қуювчи, шихтачи, майдаловчи ва бошқалардир. Уларнинг барчаси бир-биридан катта жамоадир. Ишлаб чиқариш занжирининг яна бир муҳим бўғини бу олтингугурт кислотаси цехидир», – дея давом этади Исломбек Умаралиев.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, айнан шу ерда ўз навбатида олтингугурт кислотасини ишлаб чиқариш учун хомашё ҳисобланган, металлургия саноатининг технологик газларидан фойдаланилади. Бу асосан минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва мамлакатимизда кимё саноатининг бошқа соҳаларида қўлланилади. Завод нафақат мамлакатимизнинг олтингугурт кислотасига бўлган эҳтиёжини қоплайди, балки уни экспорт ҳам қилади, хусусан Қозоғистонга.
Заводнинг «ўпкаси» бу ҳавони тақсимлаш цехи. Шунингдек, у МЕЗ’нинг асосий ишлаб чиқариш бўлинмалари қаторига киради.
«Бу ерда, металлургия цехида технологик жараёнларни ўтказиш учун асосий материал – кислород ишлаб чиқарилади. Ҳавони тақсимлаш цехи корхонанинг бутун тизимини техник кислород ва ҳаво билан таъминлайди», – дейди Исломбек Умаралиев.
Заводнинг 2020 йил коронавирус пандемияси даврида эришган муҳим ютуғи, суюқ кислород ишлаб чиқаришнинг кунига 45 тоннагача кўпайтирилганидир. Шу билан бирга, тиббий стандартларнинг барча талаблари қондирилган. Бу, хусусан, камида 94 фоиз ҳажм улуши дегани.
«Биз Тошкентдаги ва мамлакатнинг деярли барча минтақаларидаги кўплаб тиббиёт муассасаларини суюқ кислород билан таъминладик. Турли хил режим ва жараёнларни ўрганиш, танлаш натижасида суюқ кислород чиқарилишини сезиларли даражада оширишга эришдик. Илгари биз уни ҳафтасига 8-10 тоннадан ишлаб чиқарган эдик», – дейди Исломбек Умаралиев.
Бугунги кунда заводда олтин ва кумушни аффинажлаш цехи, ноёб металларни ишлаб чиқариш цехлари ва бошқалар мавжуд.
«Бизнинг яқин орадаги режаларимиз технологик ишларни янада такомиллаштириш, қимматбаҳо компонентлар, хусусан мис ва қимматбаҳо металларни қазиб олиш ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришни ўз ичига олади. Бундан ташқари, Ванюков печларида ва кислородли алангада эритиш учун қўшимча материаллар аллақачон жалб қилинган. Сульфат кислота цехида сингдириш даражасини ошириш, чиқиндиларнинг эритмаларидан, шу жумладан, рух, қўрғошин материалларидан ва бошқалардан қимматли компонентларни олиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Биз бу йўналишда олимлар билан биргаликда иш олиб бормоқдамиз», – дейди Исломбек Умаралиев.
Металлург жасур бўлиши керак!
Ҳар қандай корхона муваффақиятининг калити, албатта, унда ишлайдиган мутахассислардир. Бугунги кунда ОКМК тизимида қарийб 38 минг киши ишлайди. Улар орасида Шадмоновлар оиласи сингари бутун бошли меҳнат сулолалари мавжуд. Металлурглар сулоласининг асосчиси, «Олмалиқ КМК» АЖ МЕЗ металлургия цехи бошлиғи Олимжон Шодмонов бу ерда 1988 йилдан буён меҳнат қилади.
«1982 йилда техникумни тугатгандан кейин комбинат тизимига кирувчи оҳак заводига ишга жойлашдим. Шу ердан армияга кетдим. Шундан сўнг заводга ишга қайтдим ва уч йил уста бўлиб ишладим. Мен 1988 йилда бевосита МЕЗ’га ўтдим. Шундан бери бу ерда ишлаяпман. Оилада етти кишимиз. Бештамиз биз заводда ишлаймиз, фарзандларимиз ҳам ОКМК тизимида ишлайди», – дейди Олимжон Шадмонов.
Металлург касбини олган Олимжон Тоғаевич металлургия цехига конвертерчи сифатида кўчиб ўтди. Шу тариқа ёш мутахассиснинг мамлакатдаги энг йирик корхоналардан бирининг цехига раҳбарлик қилишигача бўлган узоқ ва қизиқарли йўли бошланди.
«Мен конвертерчи, смена устаси, катта уста, бўлим бошлиғи бўлдим. Бир мунча муддат олтин цехида ишладим. 5 йил бошлиқ бўлдим. Кейин яна металлургия цехига ўтказишди. Бу ерда мен цех бошлиғининг ўринбосари бўлиб ишладим ва олтинчи йил унга раҳбарлик қилмоқдаман. Менинг бутун ҳаётим шу ерда ўтди», – дейди Олимжон Тоғаевич.
Қизиғи шундаки, Шодмоновлар сулоласининг асосчиси болалигида ошпаз бўлишни орзу қилган ва футболга ҳам меҳр қўйган. Аммо ошпаз бўлиш учун Тошкентдаги мактабга бориш керак эди. Шунинг учун у ўз она шаҳри Олмалиқдаги техник мактабга киришга қарор қилади, бу жуда обрўли эканлигини айтади ва металлургияни худди ошпазлик санъатига таққослайди.
«Мен цехдаги мис худди уйдаги овқат каби «пиширилиши»ни пайқадим. Деярли бир хил нарса. Масалан, мисга эътиборимни қаратмасам ҳамма нарса бекор кетади. Кўпик, шлак – деярли ошхонадагидек», – дейди Олимжон Тоғаевич жилмайиб.
Металлург қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги саволга дарҳол жавоб оласиз – жасур!
«Металлдан қўрқишнинг ҳожати йўқ. У билан курашиш керак. Ўз ишингизда қатъиятли бўлишингиз, ишингизни яхши кўришингиз жуда зарур. Масалан, мен одамнинг тинимсиз меҳнат қилаётганини ёки шунчаки карьерачи эканлигини дарҳол пайқайман. У қатъиятли, ўз мақсадига эгами ёки тез таслим бўладиган, ҳеч ҳаракат қилмайдиган инсонми?», – дейди Олимжон Тоғаевич.
Олимжон Шадмоновнинг сўзларига кўра, сўнгги 10-20 йил ичида завод жуда ўзгарган. Аввалги ва ҳозирги ҳолат ўртасида жуда катта фарқ бор.
«Бугунги кунда кўпчилик уни танимайди. Замонавий технологик ускуналар, чиройли бинолар, ободонлаштирилган майдонлар. Эътибор берган бўлсангиз, бу ерда кўплаб яшил майдонлар мавжуд. Байрам кунимиздан фойдаланиб, ҳамкасбларимга ва барча металлургия соҳасидаги ишчиларга мустаҳкам соғлиқ, ички хотиржамлик ва фаровонлик тилайман. Бизнинг ишимиз осон бўлмасада, лекин энг муҳимларидан бири. Шунингдек, янада ривожланишни тилайман. Бунинг учун эса мамлакатда барча шароитлар яратилган», – дейди Олимжон Тоғаевич.
ОКМКнинг яна бир меҳнат фахрийси
6-разрядли эритувчи Музаффар Қурбонов МЕЗ металлургия цехининг эритиш бўлимида 26 йилдан бери ишлайди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, металлургия соҳаси энг қизиқ соҳалардан бири ҳисобланади. Ҳа, бу хавф-хатарсиз эмас! Сиз ҳали ҳам иссиқ металл билан ва қийин шароитларда ишлайсиз, аммо Музаффар Қурбонов ҳеч қачон бошқа касб ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган.
Меҳнатсеварлиги, ишга бўлган масъулиятли муносабати учун Музаффар Қурбонов иккинчи ҳамда учинчи даражали «Кончилик шуҳрати» кўкрак нишонларига эга эди ва бу йил у биринчи даражали «Кончилик шуҳрати» кўкрак нишонини олди.
«Мисни қайта ишлаш жараёни бизнинг цехимизда бошланади. Менинг иш куним наряд топшириғини олганимдан кейин бошланади. Мен печ олдига бораман ва уни текшираман. Менинг вазифаларим — қаттиқ шихта юклаш ва штейн, шлаклар шаклидаги суюқ эритиш маҳсулотларини олиш.
Ўз вақтида металлург касбини танлаганимдан жуда фахрланаман. У жуда кўп нарсани ўргатади. Масалан, бу одамда ақл бовар қилмайдиган масъулият, фидойилик, қатъиятлилик, жасорат ва интизомни тарбиялайди. Металлурглар жуда содиқ дўстлар ва ажойиб инсонлар! Деярли 30 йил олдин менга барча нарсани ўргатган инсонларни ҳеч қачон унутмайман. Булар менинг устозларим – Александр Христиюков, Донобой Бекмуродов, Валентин Ким, Олимжон Шодмонов, Ҳамро Қосимов ва бошқалар», – дейди Музаффар Қурбонов.
Бу йил ОКМКнинг яна 10 нафар ходими учинчи даражали «Кончилик шуҳрати» кўкрак нишони билан тақдирланади.
Мис энг кўп талаб қилинадиган металлардан бири бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Металлург мутахассислиги ҳам талабгирлигича қолмоқда. Ўзбекистонда май ойининг учинчи якшанбасида нишонланадиган, Кон-металлургия саноати ходимлари куни ушбу соҳани ривожлантиришда давом этаётган барча инсонларни эслаш ва уларга миннатдорчилик билдириш учун яна бир сабабдир. Зеро айнан улар, уларнинг тажрибаси, ноёб технологияларни қўллаганликлари, оқилона бошқарув ва кўп минг кишилик бирлашган жамоа туфайли ОКМК нафақат мамлакатда, балки дунёда сифатли, рангли металлургия ишлаб чиқаришда етакчилардан бири ҳисобланади.
Маълумот шериклик ҳуқуқи асосида тайёрланди.
Изоҳ (0)