Футбол бўйича Италия А Сериясининг 37-турида «Женоа» 15 май, шанба куни ўз майдонида «Аталанта»ни меҳмон қилди.

Фото: Twitter / «Дарё»

Учрашувда ҳисоб 9-дақиқада Дуван Сапата томонидан очилди, 29-дақиқада эса Руслан Малиновский орадаги фарқни оширди. Биринчи бўлим якунланиши арафасида Робин Гозенс ҳам гол уриб, ҳисобни 3:0 кўринишига олиб келди. Жамоалар танаффусга шу ҳисобда йўл олди.

Иккинчи бўлим аввалида майдонга ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов туширилди. Айнан у 48-дақиқада «Аталанта» ҳимоячиларидан тўпни олиб қўйди ва дарвозани аниқ нишонга олди — 3:1. Шундан сўнг жамоалар яна биттадан гол уришга эришди. Меҳмонлардан Марио Пашалич ўз номини таблога ёздириб қўйган бўлса, генуяликлар сафида Горан Пандев 11 метрлик жарима зарбасини голга айлантирди. Ўйин тугаши арафасида Шомуродов яна бир гол уриб, А Сериядаги дастлабки дублини расмийлаштирди.

Ушбу ғалабадан кейин Бергамо клубининг очколари 78 тага етди ва мусобақа жадвалида 2-ўринга кўтарилди. «Женоа» эса 39 очко билан 14-поғонада бормоқда.

А Серия

37-тур баҳси

15 май, шанба

«Женоа» — «Аталанта» 3:4

Голлар: 0:1 – 9 Сапата, 0:2 – 26 Малиновский, 0:3 – 44 Гозенс, 1:3 – 48 Шомуродов, 1:4 – 51 Пашалич, 2:4 – 67, пенальти Пандев, 3:4 – 84 Шомуродов.

«Женоа»: Маркетти, Гильоне (Портанова, 57), Масьелло, Онгене, Радованович, Ровелла, Кассата (Шомуродов, 46), Зайц (Касо, 46), Мелегони (Эбонг, 79), Пьяца, Дестро (Пандев, 46).

«Аталанта»: Голлини, Ҳатебур, Ромеро, Толои, Гозенс (Паломино, 76), Малиновский (Ламмерс, 57), де Рон, Миранчук (Муриэль, 89), Фройлер (Пессина, 46), Гимшити, Сапата (Пашалич, 46).

Огоҳлантиришлар: Гимшити (62), Толои (71), Ровелла (88).