«Манчестер Сити» Европа Чемпионлар Лигаси ярим финал жавоб баҳси доирасида «ПСЖ»га қарши кечган ўйинда ғалаба қозонди (0:2) ва финал йўлланмасига эга бўлди.
«Шаҳарликлар» бош мураббийи Пеп Гвардиола ушбу мусобақа плей-офф босқичидаги 63-ўйинини ўтказди. Мутахассис бу борада Карло Анчелоттининг рекордини янгилади. Шунингдек, Гвардиола ЕЧЛ плей-офф босқичларидаги ғалабалар сони (35) бўйича ҳам рекордчи ҳисобланади.
Каталониялик мутахассис мураббийлик фаолияти давомида учинчи марта ва ўн йил деганда илк бор ЕЧЛ финалига чиқди. Аввалроқ у «Барселона» билан 2008/09 ва 2010/11 йилги мавсум финалларида иштирок этиб, ғалабага эришганди.
Гвардиола икки хил жамоа билан Чемпионлар Лигаси финалига йўл олган еттинчи мураббий бўлди. Бунга қадар Оттмар Ҳицфелд, Луи ван Гал, Жозе Моуриньо, Юпп Ҳайнкес, Карло Анчелотти ва Юрген Клопп ушбу натижани қайд этган.
«Манчестер Сити» мусобақа финалида «Челси»—«Реал» учрашуви ғолиби билан ўйнайди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!