Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон аҳолиси қайси вакцина билан кўпроқ эмланаётгани ҳақида маълумот берди.

Фото: «Дарё»

Вазирлик маълумотларига кўра, вакцинациянинг дастлабки ўн кунида AstraZeneca билан эмланиш 68 фоиз, ZF-UZ-VAC2001 билан эмланиш 32 фоиз бўлган. Иккинчи ўн кунликда эса AstraZeneca билан эмланиш 10 фоиз камайиб, 58 фоизга тушган, ZF-UZ-VAC2001 билан эмланиш эса 42 фоизга етган. 28 апрелга келиб мамлакат аҳолиси учун учинчи вакцина — «Спутник V»дан ҳам фойдаланиш бошланди.

Ой охирига келиб вакцинадан фойдаланиш кўрсаткичи AstraZeneca да 40,9 фоиз, ZF-UZ-VAC2001 да 58,4 фоиз, «Спутник V»да 0,7 фоизни ташкил қилган.

30 апрелдаги кунлик ҳолатга кўра, мамлакат бўйлаб 2181 нафар фуқаро AstraZeneca билан , 74 773 нафар аҳоли ZF-UZ-VAC2001 билан, 2356 нафар киши «Спутник V» билан эмланган.

Ўзбекистонда 1 майдан вакцинациянинг иккинчи ойи бошланди, илк куниёқ 58 минг нафардан ортиқ киши эмланиб, айни кунгача коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқароларнинг жами сони 856 016 нафарга етди. Ҳукумат июнь ойи охиригача 4 миллионга яқин, йил охиригача 7 миллион аҳолини коронавирусга қарши эмлашни режалаштирган.