Uzbekistan Airways Париж, Рим, Милан, Амритсар, Мумбай, Бангкок, Токио, Куала-Лумпур ва Жакартага амалга ошириладиган рейсларини ёпади. Ушбу рейслар норентабел деб топилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевга 19 апрель куни авиакомпанияни трансформация қилиш чора-тадбирлари тақдимоти давомида маълум қилинган.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Маълум қилинишича, ушбу рейсларнинг бекор қилиниши орқали компания йилига 12,3 миллион доллар тежайди. Режага кўра, юқоридаги рейслар 2021 йилнинг май ойидан тўхтатилади.

Компания, шунингдек, 12 та фойдаланилмаётган самолётларини сотиш ниятида — бешта «Ил-76» ва еттита «Ил-114». Уларнинг тахминий нархи 380 минг долларни ташкил этади. Техникаларни сотиш бўйича ишлар ноябрга қадар якунланади.

Шунингдек, қисқа муддатда авиакомпания фаолиятини самарадорлигини ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилади:

  • авиакомпания ва унинг таркибий бўлинмаларида иш ўринлари сонини 20 фоизга қисқартириш — 3,9 миллион доллар тежалади;
  • авиакомпаниянинг хориждаги 20 та самарасиз ваколатхоналари ёпилади (Россияда 15 тадан 11 таси ҳамда Амритсар, Мумбай, Париж, Милан, Рим, Токио, Бангкок, Жакарта ва Куала-Лумпур) — 3,5 миллион доллар тежалади;
  • авиакомпаниянинг хориждаги 2 та минтақавий ва бош вакиллари лавозимларини тугатиш (БАА ва Хитой) — 400 минг доллар тежалади:
  • авиачипталарни сотиш бўйича 5 та бош агентлар билан шартномаларни бекор қилиш (Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва АҚШ) 5 миллион доллар тежалади;
  • авиачипталарни хорижда сотиш бўйича агентлар (IATA) комиссиясини 9 тадан 5 фоизгача тушириш — 2,9 миллион доллар тежалади;
  • авиаёқилғи мойлаш материлларини тендер савдолари асосида харид қилиш орқали харажатларни қисқартириш — 18,1 миллион доллар тежалади.

Авиакомпания фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар орқали жами харажатларни 46,5 миллион долларга қисқартириш кўзда тутилган.

Аввалроқ Uzbekistan Airways ва яна 14 компания IPO ўтказиладиган компаниялар рўйхатига киритилгани, Шавкат Мирзиёев Самарқанд халқаро аэропортидаги қурилиш ишларини кўздан кечиргани ҳамда сенаторлар авиачипталар нархининг қимматлиги бўйича Монополияга қарши курашиш қўмитасига сўров юборгани ҳақида хабар берилганди.