Ижтимоий тармоқда «Қорақалпоғистонда ЙПХ ходими фуқарони қувлаб, урди» сарлавҳаси остида видео тарқалди. ЙХҲББ ушбу видеолавҳа юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 18 апрель куни Қорақалпоғистон, Қўнғирот тумани ҳудудида, деҳқон бозори атрофида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими А.А.нинг ёнига маст ҳолдаги фуқаро келиб, ходимга нисбатан турли ҳаракатлар билан хизмат фаолиятига халақит берган. Ходим фуқарога маст ҳолда эканлигини, яшаш уйига бориши зарурлигини таъкидлашига қарамасдан, турли сўзлар билан ходимга халақит беришда давом этган.

Шундан сўнг, ЙПХ ходими ва фуқаро ўртасида низоли ҳолат юзага келган. ЙПХ ходими фуқарони тиббий кўрикдан ўтишга таклиф қилган ва тиббий кўрик хулосасига кўра, мастлик ҳолати тасдиқланган.

ЙПХ ходими туман ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, бўлиб ўтган ҳолатни батафсил баён қилган ва тегишли тартибда кўриб чиқилишини сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўнғирот тумани ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Жиззахда қоидани бузган ҳайдовчини сўккан ЙПХ ходимига нисбатан хизмат текшируви тайинлангани, Тошкентда ЙПХ инспекторини ҳақорат қилган Matiz ҳайдовчисига чора кўрилгани ҳамда Андижонда «тонировка»си учун тўхтатилган Nexia ҳайдовчиси ЙПХ инспектори билан жанжаллашгани ҳақида хабар берилганди.