Куба коммунистик партиясининг VIII қурултойида марказий кенгашнинг янги таркиби сайлаб олинди. Коммунистик партиянинг Twitter’даги саҳифасида берилган хабарга кўра, мамлакат президенти Мигель Диас-Канель марказий кенгашнинг биринчи котиби этиб сайланган.

Фото: Radio Cadena Agramonte

«Мигель Дуас-Канель Бермудес Куба коммунистик партиясининг биринчи котиби этиб сайланди», – дейилади хабарда.

Cubadebate порталининг ёзишича, қурултойнинг ёпилишида коммунистик партиянинг собиқ биринчи котиби Рауль Кастро охирги уч йил ичида Диас-Канелнинг партия олий органлари, давлат ва ҳукуматни бирлаштира оладиган жамоа шакллантира олганини қайд этган. У партиянинг юқори турувчи органларидан тушаётган таклифларни рад этиши, бироқ «Инқилоб жангчиси» бўлиб қолишини таъкидлаган.

2003 йилда Мигель Диас-Канель Олгин провинциясидан партия кенгашининг биринчи котиблигига саланган, шу йилнинг ўзида Давлат кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Рауль Кастронинг таклифи асосида Коммунистик партия марказий кенгашининг сиёсий бюроси таркибига киритилган эди. У ўшанда партия органининг энг ёш аъзосига айланган. Кастро Диас-Канелни таништирган вақтда унинг мафкура учун ишонч билан хизмат қилиши, қатъиятли ва ишга сидқидилдан ёндашадиган, пишиқ-пухта бўлишга интилувчи шахс сифатида билишини айтиб ўтган. 2009 йил май ойида Рауль Кастро Давлат кенгаши раиси ва Вазирлар кенгаши раҳбари сифатида Мигель Диас-Канелни мамлакат олий таълим вазири лавозимига тайинлаган. Диас-Канель ушбу лавозимда 2012 йил март ойига қадар фаолият олиб борди ва шу йили Вазирлар кенгаши раисининг ўринбосари лавозимига ўтказилди.

2013 йил 3 февралда Диас-Канель халқ бошқаруви миллий ассамблеясининг (Кубада бир палатали парламент) депутатлигига сайланди. Шу йили 24 февралда Давлат кенгаши ва Вазирлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллади. Шу вақтдан бошлаб унинг Кастро меросхўри бўлиши ҳақида тахминлар пайдо бўла бошлаган. 2018 йил 19 апрелда ўтказилган сайловларда Диас-Канель Давлат кенгаши ва вазирлар кенгашининг раислигига сайланган.

2019 йил апрелдан Кубада янги конституция кучга кирди ва унга мувофиқ давлат бошқарувининг шакли ўзгарди: президент ҳамда бош вазир лавозимлари жорий этилди. 2019 йил 10 октябрда парламентнинг навбатдан ташқари йиғилишида Диас-Канель мамлакат президентлигига сайланди.