Фарғонада 36 марта қоида бузган ва жарималарини тўламаган ҳайдовчининг Gentra’си жарима майдонига жойлаштирилгач, 23 миллион 850 минг сўм қарзини тўлаб берди. Бу ҳақда «Дарё»га МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, мажбурий ижро бюроси Данғара  туман бўлими иш юритувига 2020 йил январь ойидан 2021 йил март ойига қадар 36 марта қоидабузарлик содир этиб, белгиланган жарималарни ўз вақтида тўламаган фуқаро Б.А.га маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарорлар келиб тушган.

2021 йилнинг 14 апрель куни МИБ ва йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан ўтказилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қоидабузар ҳайдовчига тегишли Gentra автомашинаси ушланиб, қарздорлик ундирилгунга қадар вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилган.

Машинаси олиб қўйилгач, жарима тўловларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келаётган фуқаро 23 миллион 850 минг сўм миқдоридаги жарима пулларини тўлаб берган.