Президент Шавкат Мирзиёев 16 апрель куни Самарқанд вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон томонидан амалга оширилаётган Мозори-Шариф —Кобул—Пешовар темир йўлини қуриш лойиҳасининг аҳамияти ҳақида гапирди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Фото: «Gazeta.uz»

«Агар 27 йил ичида биз Хитой ёки бошқа бир Осиё мамлакатига темир йўл қурганимизда, экспорт қилинадиган маҳсулотларимиз нархи 60—70 фоизга арзонроқ бўлар эди», — деган у.

Президентнинг айтишича, Ўзбекистонга экспорт қилишда ҳалигача Россия ёки Қозоғистон орқали экспорт қилишга тўғри келмоқда. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Трансафғон темир йўли қурилиши бошлангандан сўнг Ўзбекистон ўз экспорт бозорларини диверсификация қилади, қўшни давлатлар эса Ўзбекистон маҳсулотлари учун транзит тарифларини пасайтиради.

Шавкат Мирзиёев Покистон бош вазири Имрон Хон ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан бир неча музокаралардан сўнг уларни лойиҳани биргаликда амалга оширишга кўндиришга эришганини айтган.

«Бу фойда келтиради, аммо темир йўлда хавфсизликни ким таъминлай олади? Фақат 200 миллион аҳолиси бўлган Покистон. Агар биз ушбу бозорга кира олсак, дунёнинг бошқа бозорларига денгиз портлари орқали чиқа оламиз», — деб таъкидлаган у.

Давлат раҳбари 2 февраль куни Ўзбекистон—Афғонистон—Покистон ўртасидаги юқори даражадаги музокаралар натижалари бўйича Ўзбекистонга бошқа бозорларга чиқиш учун «энг қисқа ва энг арзон йўл» бўладиган Мозори-Шариф—Кобул—Пешовар темир йўлини қуриш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси («Йўл харитаси») қабул қилинганини маълум қилган.

Шавкат Мирзиёев Россия раҳбарияти ҳам ушбу лойиҳада иштирок этишга тайёрлигини билдирганини айтган. Қўшни давлатлар ҳам қизиқиш билдираётганини таъкидлаган.

«Президент мана шундай масалалар билан шуғулланмоқда, туман ва шаҳар ҳокимлари эса қашшоқликни камайтириш масалалари билан шуғулланиши керак. Агар биз шу каби масалалар, шунингдек, йўллар, электр энергияси, газ, тадбиркорлик учун миллиардлаб доллар ажратмаганимизда, ‘маҳаллабай’ тизимини яратмаганимизда, бугун бу ҳақда гапирмаган бўлардим. ‘Қарсак чалинғ деб айтиб, бу жойни тарк этардим», — деган у.

14 апрель куни Ўзбекистон Президенти Покистон бош вазири билан онлайн саммит ўтказди. Унда мамлакатлар ўртасида авиақатновларни тиклаш, имтиёзли савдо, виза тартибини соддалаштириш, транспорт ва транзит тўғрисидаги битимни қабул қилиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг қўшимча қилишича, мамлакатлар 600 километр узунликдаги Мозори-Шариф—Кобул—Пешовар темир йўл лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштиришни ҳам муҳокама қилган. Унга кўра, май ойида Афғонистонда жойлашган қурилиш майдонларини экспедициявий текшириш ишларини ташкил этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, томонлар транзит савдо тўғрисида битим лойиҳасини ишлаб чиқди.

Марказий ва Жанубий Осиё янги келажагига коридор

Аввалроқ Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов Мозори-Шариф—Кобул—Пешовар темир йўли лойиҳаси нима сабабдан Ўзбекистон учун муҳимлигини «Gazeta.uz»га маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари позициясидан қараганда, трансафғон коридори Жанубий Осиёнинг истиқболли бозорларига мутлақо янги ва энг қисқа йўлни очиб беради.

Жанубий Осиё билан иқтисодий алоқаларнинг кенг имкониятлари минтақанинг макроиқтисодий кўрсаткичлари ва ушбу ҳудуднинг ўсиш динамикасига боғлиқ. Жами аҳолиси 1,9 миллиард нафар (дунёнинг тўртдан бири) ва ялпи ички маҳсулоти 3,5 триллион доллар бўлган Жанубий Осиё дунёдаги энг тез (йилига 7,5 фоизгача) ўсаётган минтақадир.

Трансафғонистон йўлнинг қурилиши, шунингдек, Марказий Осиёдаги транспорт оқимларини диверсификация қилади. Чунки минтақа мамлакатлари арсеналида жанубий денгизларга чиқиш имконини берувчи иккита йўл бўлади. Бир томондан, Чабаҳар ва Бандар-Аббос портларига чиқувчи амалдаги коридор, иккинчи томондан — кейинчалик Карачи ва Гвадар портларига чиқиш имкониятини берувчи Мозори-Шариф—Кобул—Пешовар.

Масалан, лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши билан Покистондан Ўзбекистонга юкларни ташишга 35 кун эмас, балки 3—5 кун етарли бўлади. Деярли бир ойлик йўл ўрнига, атига бир ҳафатадан кам вақт кетади.

Эслатиб ўтамиз, 2 февраль куни Афғонистон, Покистон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасида ўтказилган уч томонлама учрашувда Мозори-Шариф—Кобул—Пешавор темир йўли узунлиги 573 километр бўлиши, қурилиш лойиҳасига 4,8 миллиард доллар кредит жалб қилиниши маълум қилинган.

Темир йўл қуриш лойиҳасини молияштириш учун Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон давлат раҳбарлари номидан қўшма мурожаати асосида АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорациясининг ва бошқа халқаро молия институтлари маблағларининг жалб этилиши кўзда тутилган.

Лойиҳа учун тегишли ҳужжатларни тайёрлаш 2021 йил июнгача якунланади. Темир йўл қурилиши 2022 йилнинг сентябрь ойида бошланиши режалаштирилган.