«Халқ сўзи online» Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Ўзбекистон исмли инсоннинг фарзандлари ва набиралари яшаётгани тўғрисида маълумот берди.

Фото: «Халқ сўзи online»

Нашрнинг ёзишича, шаҳардаги 12-мактаб директори Малика Алимардонова Ўзбекистоновна бўлиб, у Ўзбекистон исмли инсоннинг фарзанди ҳисобланади.

«Бўрибой бобом Мирзачўлни ёппасига ўзлаштиришдан аввал Гулистон туманига, ҳозир биз авлодлари яшаётган маҳаллага кўчиб келган. У вақтлари бу ерлар яйдоқ бўлган. Бобом ва улар билан бирга меҳнат қилганларнинг фидойилиги туфайли кейинчалик чўл ўрни бўстонга айланган. Бобом кўп йиллар бригадирлик қилган. Раҳматли отам у кишининг учинчи фарзанди, 1949 йилда туғилган. Ломоносов номидаги Москва давлат университети ва яна бир неча олий ўқув юртларида ўқиган. Маҳалламиздаги йирик паррандачилик фабрикасида иқтисодчи, Янгиердаги ана шундай хўжаликда эса директор бўлиб ишлаган», — дейди Малика Алимардонова.

Малика Алимардонованинг айтишича, Бўрибой бобонинг тўнғич фарзанди Рустам Москва давлат университетида таълим олган. Иккинчи ўғлининг исми эса Достон, кенжасига Улуғбек деб исм қўйган.

Таъкидланишича, Бўрибой бобо набираларидан бирига Гулистон деб ҳам исм қўйган — Мирзачўл бағрида қад кўтарган кўркам шаҳар шарафига. Гулистон Ўзбекистон ўғли ҳозир ўқитувчилик қилмоқда. «Бобомнинг ‘Мен кетмончи бўлиб ўтаётган бўлсам, сизларнинг қўлингизда қалам-у китоб бўлсин’ деган насиҳатлари у кишининг барча авлодлари учун умр мақсадига айланган», — дейди Малика Алимардонова.

Маълум қилинишича, яқинда каратэ бўйича республика мусобақасида Ўзбекистон бобонинг набираси, 4-синф ўқувчиси Бахтиёр иккинчи ўринни эгаллаган, ғолибларни эълон қилиш асносида «Бахтиёр Ўзбекистонов» деган исм-фамилия ўзгача виқорли ва улуғвор жаранглаган.

Сариқ белбоғ соҳиби Ўзбекистонов Бахтиёр Отабекович

Фото: «Халқ сўзи online»