Араб қизларининг нақадар гўзаллиги тилларда достон. Сочларининг қалин ва қора экани, киприк ҳамда қошлари билан ўзига жалб қиладиган ҳусн эгаларининг гўзаллиги уларнинг табиий воситалардан мунтазам равишда фойдаланиши ва замонавий косметикаларга муккасидан кетмаганида.

Фото: Getty Images

Соч парвариши

Араб қизларининг ялтираб турадиган қалин сочларининг сири мунтазам равишда табиий ниқоблардан фойдаланишида. Шарқ гўзаллари сочларини ювишдан аввал бош терисига қатиқ ёки нордон сут суртиб қўяди. Нордон сут маҳсулотлари сочларни тезда қайта тиклаб, қалин ва ялтироқ қилиб кўрсатади.

Соч бўёқлари

Замонавий бўёқларни тан олмайдиган араб аёллари сочларини табиий хинада бўяшни афзал билади. Унга басма қўшилганда эса соч тим қора бўлади. Рангсиз хина эса сочни мустаҳкамловчи ниқоб ўрнини босади.

Қора кўзлар

Абая кийганда фақат кўзлар кўриниб тургани учун ҳам арабистонлик хотин-қизлар бўёқлар билан унга урғу беришни маъқул билади. Қора стрелкалар суртиш учун сурмадан фойдаланади. Безашдан ташқари сурма, қош ва киприкларни мустаҳкамлаб, уларни ёрқинроқ кўрсатади.

Қош ва киприклар

Араб қизлари болалигиданоқ табиий ўсма ёғини қош ва киприкларига суртгани сабаб ҳам чиройли кўринади. Ўсма қош ва киприкларни ўстириб, қалин ва ўзига хос кўрсатади.

Юз парвариши

Юз терисини тозалаш учун табиий тоник — пушти сувдан фойдаланилади. Мицеляр сув ўрнини босиши мумкин бўлган восита теридаги яллиғланиш ва қизаришларни олдини олади. Қолаверса, европаликлардан фарқли ўлароқ, араб қизлари терисини оқартиришни афзал билади ва бунинг учун табиий оқартирувчи лимон кислотасидан фойдаланади. Пўстлоғини эса скраб сифатида ишлатади. Юз ниқобларини ҳам табиий маҳсулотлардан тайёрланганини маъқул билади. Зарчавадан тайёрланган ниқоб энг яхши ҳисобланади. Бунинг учун зарчава, ун, сут ва пушти сув 2 ош қошиқдан қўшиб аралаштирилади. Бўтқа ҳолига келган аралашма юзга суртилганидан 20 дақиқа ўтиб ювиб ташланади.

Тери парвариши

Ҳаммомдаги буғлар саломатлик учун муҳим эканини араб аёллари яхши билади. Буғ таъсирида поралардан кирлар чиқиб кетгани ҳисобига тери тиниқ ва таранг бўлиб қолади. Шу билан бирга улар қаҳвадан тайёрланган скрабларни ҳам ишлатишни канда қилмайди.

Атир

Ҳатто Арабистондаги энг ўзига тўқ аёллар ҳам ҳалигача эфир ёғидан тайёрланадиган табиий ифорлардан фойдаланади. Ваниль, жасмин ва атиргул энг яхши ифор манбалари ҳисобланади. Атирларнинг барчаси ёғ асосида спирт қўшмасдан тайёрлангани сабаб ҳам узоқ вақтгача ифори келиб туради.