NASA энг эртаси билан 11 апрель, якшанба куни Ingenuity вертолётининг Марсдаги биринчи парвозини амалга оширишни режалаштирмоқда, деб хабар берилди Американинг космик агентлиги сайтида.

Фото: NASA / JPL-Saltech / ASU

NASA’нинг хабар беришича, вертолёт ҳаво ҳарорати -90 даражагача тушиб кетадиган Қизил сайёрадаги биринчи совуқ тундан омон чиқди.

Дастлаб Марсга юборилган биринчи 1,8 килограммлик Ingenuity вертолёти Perseverance марсоходининг ичида эди. Кейин вертолёт ровердан ажраб чиқди ва Езеро кратери юзасига туширилди.

2020 йилнинг июль ойи охирида Atlas V ташувчи ракетаси Perseverance марсоходи ва Ingenuity вертолёти билан биргаликда Канаверал бурнида жойлашган космодромдан учирилган эди. 2021 йилнинг февраль ойида Америка ровери Қизил сайёрага қўнди ва илк фотосуратларни Ерга юборди.

Езеро кратерига туширилган марсоход у ердан ҳаёт аломатларини излайди.

Аввалроқ Perseverance марсоходи биринчи марта Марс юзасида «сайр қилгани» ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, АҚШ Аэронавтика ва фазовий бўшлиқларни тадқиқ қилиш миллий агентлиги (NASA) Perseverance роверини Марсга қўндириш вақтида олинган видеоёзувни эълон қилганди.