Қашқадарё вилоятининг Касби тумани Қоратепа қишлоғида яшовчи аҳоли вакилларидан бири Ғайрат Бобоёровнинг маълумот беришича, қишлоқда пайдо бўлиб, одамларнинг 30 бошга яқин майда шохли молларини бўғизлаб кетгани айтилган махлуқ унинг ҳам уч бош қўйини бўғизлаган.

Фото: Видеодан скриншот

«2021 йил 25 март куни кечаси соат икки-учда ўша махлуқ менинг ҳам уч бош қўйимни бўғизлаб кетган. Фақатгина менинг қўйларимни эмас, ҳамманинг қўйини бўғизлаб кетяпти. Бу ҳолат беш кун давом этди. 12—15 бош қўйни еб битирди. Уйдан чиқолмай қолдик, ҳамма қўрқиб қолди. Шунинг учун имкони бўлса, ёрдам беринг. Ҳозир халқ қўлига илинган нарсани олиб, ўзини ҳимоя қилишга тушган», — дейди Ғайрат Бобоёров.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ўзини Касби туман Ободонлаштириш бошқармасининг қаровсиз қолган ҳайвонларни йўқотиш бўлимидан эканлигини айтган Жамшид исмли ходим унга нотаниш бўлган ҳайвон ўлиги топилганини айтган.

«Ҳақиқатдан ҳам бизга нотаниш бўлган ҳайвон ўлиги топилди. Унинг қандай ҳайвон эканлиги бизга ҳам номаълум ҳозирча», — дейди Ободонлаштириш бошқармаси ходими эканлигини айтган Жамшид ака.

Видеода чиқиш қилган аҳолининг айтишича, туман ҳокимлиги масъуллари ҳамда телевидение журналисти ҳам бор воқеани яшириб, ҳақиқатни инкор этмоқда.

Фото: Видеодан скриншот

«Биз 20 йилдан бери шоқол билан бирга яшаймиз. Шоқол шунча йил давомида қишлоққа келиб, бировга зарар берганини эшитмаганмиз. Бу махлуқ 30 га яқин қўйни, 20 та товуқни еб кетди. Масъуллар эса буни инкор этмоқда», — дейди аҳоли вакиллари.

«Ҳамма шоқол деяпти, аммо менинг уйимнинг олида шоқол бор. Лекин шу пайтгача қўй-ку қўй, бирорта товуқни ҳам олмаган», — дейди яна бир фуқаро.

Ҳудудда фаолият юритувчи блогерлар билан суҳбатлашган аҳолининг айтишича, ушбу қишлоқда махлуқ чиқиб одамларнинг молига зарар бераётгани хабар берилгач, туман ҳокимлиги масъуллари буни инкор этган. Телевидениега интервью берган маҳалла раиси ҳам бу ёлғон дея ҳақиқатни яширишга уринган.

«Шундан сўнг, ҳамма телефон қилиб, Сизлар ёлғон гапиряпсизлар, Қоратепада махлуқ йўқ, Сизлар қасамхўрсизлар деяпти. Мана факт. Ҳақиқатни кўринглар», — дейди яна бир фуқаро ўлиб ётган ҳайвонга ишора қилиб.

Блогерлар билан суҳбатда яна бир фуқаро машинасида уйига қайтаётган пайтда нотаниш ҳайвонни учратганини, ўша ҳайвон ўлдирилган ҳайвонга ўхшашлигини таъкидлаган. Яна бир фуқаро эса, шунга ўхшаш ҳайвон уйига кирганини қўшимча қилган.

«Одамлар қўрқиб қолди. Ҳатто уйимиздан ҳам чиқолмай қолдик. Масъул ташкилотлар эса бу ҳақиқатни инкор этиб, ёрдам беришдан бош тортмоқда», — дейди қишлоқ аҳолиси.

Туман ободонлаштириш бошқармаси ходими эканлигини айтган Жамшид исмли масъул қишлоқ аҳли ўзини ва молини ҳимоя қилиш учун қўлига кетмон, паншаха кўтариб чиққанини айтади ва ўлик ҳолда топилган ҳайвон қишлоқ одамлари томонидан ўлдирилганини таъкидлайди.

Қишлоқ аҳолининг айтишича, телевидениега интервью бериб, одамлар айтаётган гап хато эканлигини, улар шунчаки ваҳима кўтараётганини айтган МФЙ раиси нотаниш ҳайвон одамлар томонидан ўлдирилгач, улар чақирса-да воқеа жойига келмаган.

«Маҳалла раиси телевидениега интервью бериб, бизни ёлғончиликда айблади. Шу сабаб биз бу ҳайвонни ўлдириб, раисни ҳақиқатни кўрсин деб чақирдик, аммо раис келмади», — деди одамлар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Касби туманининг Қоратепа қишлоғида номаълум махлуқ пайдо бўлиб, одамларнинг 30 бошлаб қўйини бўғизлаб кетаётгани хабар берилганди. Бироз ўтиб, туман ҳокимлиги мазкур хабарни рад этиб, интернетда тарқалган расм ва видеолар асоссиз деганди.