Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ёзувчи, публицист Ғаффор Ҳотамов 2021 йил 4 апрель куни 68 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди. Бу ҳақда «Xabar.uz» маълум қилди.

Фото: BBC

Фото: BBC

Ғаффор Ҳотамов 1953 йилнинг 25 апрелида Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги Ғужбоғ қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. 1974 йилда Тошкент давлат педагогика институтининг филология факультетини тугатган.

Меҳнат фаолиятини республика болалар газетаси таҳририятида бошлаган. «Тошкент оқшоми», «Ўзбекистон овози» газеталари, «Ёшлик» журнали таҳририятида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида хизмат қилган. Кейинчалик «Ёшлик» журнали ҳамда «Туркистон» газетасининг бош муҳаррири лавозимида ишлаган.

Ғаффор Ҳотамовнинг дастлабки ҳикояси «Тонг ва шом» 1976 йили «Гулистон» журналида, 1978 йили эса «Хат ташувчи бола» номли илк ҳикоялар тўплами нашр этилган. 1980 йил Ғаффор Ҳотамовнинг «Қайтиш», 1985 йил «Қудуқ тепасидаги ой», 1998 йили «Азал ва абад», 1990 йили эса «Тоҳир ва Зуҳранинг кулмаган бахти» қиссалари «Ёшлик» журналида эълон қилинган.

Ёзувчининг ҳикоя, қисса ва бадиалари кейинги йилларда «Кунтуғмишнинг кулмаган бахти», «Биринчи муҳаббат қиссаси», «Кеча ва бугуннинг сабоқлари» номи остида китоб ҳолида нашр этилган. Ғаффор Ҳотамов «Қудуқ тепасидаги ой» қиссаси ва «Эврилиш» бадиаси учун Ўзбекистон ёшлар ташкилотининг мукофотига сазовор бўлган. Унинг асарлари қатор хорижий тилларга таржима қилинган.

Бундан аввал Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, ҳайкалтарош Яков Шапиро 83 ёшида, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев 88 ёшида, ёзувчи Саъдулла Сиёев 82 ёшида вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар